Аброр Мухтор Алий озодликка чиқди
Жамият
−
21 Февраль
14880Блогер Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов) озодликка чиқарилди. Бу ҳақда адвокат Ғаниев ўзининг Telegram-каналида ёзди.
Қайд этилишича, кеча, 20 февраль куни Аброр Мухтор Алийнинг тафтиш тартибидаги шикояти Олий судда кўриб чиқилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-23-моддасига кўра, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган қарорлари Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилади.
Онлайн кузатувдан кўринишича, Аброр Абдуазимов ва Хусрав Насруллаевга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш 2024 йил 20 февраль куни соат 11:11 да судья К.Толлибаев томонидан тафтиш тартибида кўрилган.
“Интернет тармоғида эълон қилинган суд қарорлари бўлими”да 3-1003-2404/1437 сонли иш бўйича Олий суд тафтиш инстанциясининг қарори жойлаштирилмаган бўлса-да, тахминимизча Аброр Абдуазимов ва Хусрав Насруллаевга нисбатан тайинланган 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси бир мунча оғир деб ҳисобланиб, 13 ёки 14 суткага мувофиқлаштирилган ҳамда улар қамоқдан чиқарилган”, дея қайд этган адвокат.
Шунингдек, блогернинг Facebook ва Instagram саҳифаларига жойланган янги постлардан ҳам унинг озодликка чиққанини билиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Аброр Мухтор Алий Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигида бақир-чақир қилиб, жанжал кўтаргани учун 15 суткага қамалганди. Ўша куннинг ўзида бўлиб ўтган суд мажлисида Аброр Мухтор Алий ва унинг жанжалда иштирок этган шериги ҳам айбига иқрор эканини билдирганди.
Суд қарорига кўра, уларнинг ҳар иккаласига 340 минг сўм миқдоридаги жарима ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди. Шунингдек, суд уларнинг оилавий шароитини инобатга олиб, судланувчиларни қамоқда сақлаш билан боғлиқ харажатлардан озод қилган.
Шундан сўнг QALAMPIR.UZ манбасига таяниб, 13 февраль куни Аброр Абдуазимовнинг адвокати суд қарори устидан аппеляция шикояти ёзгани аммо суд адвокатнинг шикоятини рад этгани ҳақида хабар берганди.