Берлин девори қулаганига 35 йил тўлди
Олам
−
09 Ноябрь
3623Бугун, 9 ноябрь куни Германия пойтахти Берлин шаҳрида мамлакат Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер, бир қатор Европа давлатларидан келган ёшлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида Берлин девори қулаганининг 35 йиллигига бағишланган байрам бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Байрамда Эрон, Беларусь, Грузия, Гонконг ва Кубадан турли ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилувчи ҳаракатлар ҳамда ташкилотлар вакиллари иштирок этган.
Байрам тадбирлари “Озодликни ҳимоя қиламиз!” шиори остида ўтказилган. Берлин мэри Кай Вегнернинг сўзларига кўра, 1989 йилнинг 9 ноябрь санаси “жасур фуқаролар ўз босими билан деворни шунчаки олиб ташлаган” бахтли кундир.
Тантанали тадбирда иштирокчилар девор қолдиқлари бўлакларига атиргуллар қўйган. Берлин девори ёдгорлигининг бир қисми бўлган Ярашув капелласида (Kapelle der Versöhnung) ибодат маросими бўлиб ўтган.
Берлин девори фонди директори Аксель Клаусмайер Шарқий ва Марказий Европада ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилувчи ҳаракатларнинг ривожланишида Польша бирдамлик ҳаракати алоҳида ўрин тутганини таъкидлаган.
Маълумот учун, Берлин деворининг қулаши – Иккинчи жаҳон уруши оқибатида иккига бўлиниб кетган Германиянинг қайта бирлашишининг бошланишини англатади. Социалистик жамият қуриш йўлини тутган Германия Демократик Республикаси (ГДР)нинг ижтимоий турмуш даражаси ривожланган давлатлардагига нисбатан анча орқада қолган эди. Ғарбий Германия эса уруш асоратини тезда бартараф этиб, жаҳоннинг тараққий этган мамлакатлари қаторидан ўрин эгаллади. Немис халқининг бирлашиш орзуси 1989 йилнинг сўнгида тақиқ рамзи бўлмиш Берлин деворининг бузилиши билан ушалди. Ер юзида “совуқ уруш” хавфи камайгани, жаҳон тинч ўзгаришлар даврига киргани, бир-бирига зид тузумлар ўртасидаги ихтилофнинг барҳам топиши, қуролсизланиш ва иқтисодий ҳамкорлик йўлидаги илк қадамлар икки Германия давлатининг қўшилишига замин ҳозирлади. Бу ҳаракат 1990 йилнинг апрель–май ойларида ГДР ва Германия Федератив Республикаси ҳукуматлари томонидан шартномаларнинг имзоланиши ҳамда ГДР халқ палатасининг Германия Демократик Республикаси ГФР таркибига қўшилиши ҳақидаги 1990 йил 3 ноябрь куни имзоланган қарори билан муваффақиятли якунланган.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь