Бербок ва Ван Ининг музокараларидан немис ОАВ вакиллари чиқариб юборилди
Олам
−
03 Декабрь 2024
3672Хитой пойтахти Пекин шаҳрида Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва унинг хитойлик ҳамкасби Ван И ўртасидаги музокаралар давомида немис журналистлари залдан чиқариб юборилди. Бу ҳақда “Handelsblatt” хабар берди.
“Германия Ташқи ишлар вазири Украинадаги уруш ҳақида гапира бошлаганида хавфсизлик хизмати вакиллари немис журналистларини Бербок нутқини якунлашига улгурмасдан залдан чиқишга мажбур қилди. Бу Хитойда яна такроран содир бўлмоқда ва очиқ танқидлар хуш кўрилмаслигини аниқ кўрсатмоқда”, дейилади хабарда.
Бу пайтда Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Хитойни Россияга дронлар, қурол-яроғ ва бошқа ҳарбий воситалар етказишда ёрдам бераётганликда айблаган. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса айбловларни рад этган. Бербокнинг сўзларига кўра, бундай ёрдам Европанинг асосий манфаатларига зарар етказмоқда.
“Бербок Хитойни Европа ҳамкори сифатида Украина масаласида фаол роль ўйнашига умид билдирди. Ван И эса Хитойнинг тинчлик ва музокараларни тарғиб қилиш орқали муаммони ҳал қилишга бўлган позициясини кенг ва тизимли баён қилди”, дейилади Хитой ТИВ баёнотида.
Ван Ига кўра, сиёсий қарашлардаги фарқлар ҳамкорликка тўсқинлик қилмаслиги керак. Шунингдек, икки томонлама муносабатларга учинчи томонлар таъсир ўтказмаслиги лозим.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи Украинага қарши уруш учун ҳужумчи дронларни ишлаб чиқишда Россияга ёрдам бераётган бир қанча Хитой компанияларга қарши санкциялар жорий этишни кўриб чиқаётгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси