Беларусь ҳарбийлари тайёргарликдан ўтиш учун Россияга юборилди
Олам
−
20 Октябрь
3723Беларусь Қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари Россия жанговар тайёргарлик марказларидан бирига ҳарбий таълим олиш учун юборилди. Бу ҳақда республика Мудофаа вазирлигининг Теlegram-каналида хабар берилди.
“Биз Россия Қуролли кучларининг жанговар тайёргарлик марказлари негизида ҳарбий хизматчиларимиз билан режалаштирилган қўшма тайёргарликни давом эттирмоқдамиз”, дейди Беларусь Қуролли кучлари Бош жанговар тайёргарлик бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Владимир Белий.
Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, ҳарбийлар Россия Қуролли кучлари томонидан қўлланиладиган қўшинларни тайёрлашнинг илғор усулларини ўзлаштирадилар, сўнгра уларни Беларусь бўлинмаларини тайёрлаш амалиётига киритадилар.
Жорий йилнинг январь ойида Беларусь Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати ўз ҳарбийларини Россияга малака ошириш учун жўнатиш режасини маълум қилган эди. Режада келтирилишича, асосий эътибор Россия армиясининг Украинадаги ҳарбий амалиётлар давомида тўплаган тажрибасини ўзлаштиришга қаратилади. Май ойида Россия ва Беларусь қўшинлари ҳам қўшма ядровий машғулотлар ўтказган эди.
16 октябрь куни Беларусь Мудофаа вазирлиги Бош штаб бошлиғи, мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Павел Муравейко бошчилигида шимоли-ғарбий оператив қўмондонлик текшируви бошлангани эълон қилинганди.
19 октябрь куни Россия ТИВнинг МДҲ мамлакатлари иккинчи департаменти директори Алексей Полищук Иттифоқ давлати Олий Давлат кенгашининг юбилей йиғилишида Беларусь билан хавфсизлик кафолатлари бўйича келишув ишларини якунлаш режаларини маълум қилди.
Россия ва Беларусь КХШТ (Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти) бўйича иттифоқчи ҳисобланади ва мамлакатлар 1999 йилдан бери Иттифоқ давлатини яратиш бўйича келишувга эга. Томонлар мунтазам равишда қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиб туради. 2016 йил охиридан бери Россия ва Беларуснинг ягона ҳаво мудофаа тизими ишламоқда. Бундан ташқари, 2023 йилдан бери Россиянинг тактик ядро қуроллари Беларусь ҳудудида жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларусь резиденти Александр Лукашенко Россия давлат телеканалига берган интервьюсида мамлакат ҳарбийлари армиянинг деярли учдан бир қисмини Украина билан чегарага ўтказганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, Киев Беларусь қўшинлари Россия қўшинлари билан биргаликда Гомелдан Украинага ҳужум қилиши мумкинлигидан қўрқиб, чегарага қўшимча бўлинмаларни юборган. Чегаранинг иккала томонида Россиянинг Украинага қарши уруши бошида у ерга кўчирилган бўлинмалар сақланиб қолган.
LiveБарчаси