Бекмурод Абдуллаев суди огоҳлантиришсиз бошқа туман судига кўчирилди
Жамият
−
29 июл 4758 3 дақиқа
Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсунов ҳамда 28 кишига оид жиноят ишини кўриш бўйича биринчи суд мажлиси бугун, 29 июль куни Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани судида ўтказилиши белгиланган эди.
Суд мажлислари рўйхати онлайн ахборотномасидаги эълон асосида QALAMPIR.UZ мухбири суд мажлиси белгиланган жойда ҳозир бўлди. Бироқ, суд мажлиси номаълум сабабларга кўра, Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судидан Юнусобод тумани судига кўчирилгани маълум қилинди.
Суд мажлиси Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида ўтказилиши бўйича жамоатчиликка ва оммавий ахборот воситаларига ҳеч қандай эълон берилмаган. Суд мажлислари рўйхати онлайн ахборотномасида ҳам ҳеч қандай ўзгариш мавжуд эмас. Суд ҳамон Янгиҳаёт туманида ўтказилиши белгилангани ҳақидаги қайд мавжуд.
QALAMPIR.UZ журналисти вазиятга изоҳ олиш учун судьялар Олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров билан боғланган. Бироқ, Акбаров ҳам бу ўзгаришдан суд мажлиси бошланашидан 20 дақиқа олдин хабар топганини билдирган.
Қайд этиш жоизки, ЖИБ Янгиҳаёт туман судидан ЖИБ Юнусобод туман судигача 45-50 дақиқалик йўл босиб ўтиш керак. Табиийки, журналистлар суд жараёнини илк дақиқалардан ёритишига бу ўзгариш катта тўсиқ бўлади.
Суд ҳужжатларига кўра, Бекмурод Абдуллаев Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “б” ва “г” бандлари бўйича айбланмоқда.
Мазкур жиноят иши доирасида жами 30 нафар шахсга нисбатан айблов қўйилган. Қайд этилишича, уларнинг аксарияти Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” ва “в” бандлари билан бир қаторда бошқа иқтисодий ва мансабга оид жиноятларда ҳам айбланмоқда.
Илова қилинган суд рўйхатига кўра, айбланувчилар орасида собиқ мансабдорлар Ҳошим Йўлдошев, Жаҳонгир Қурбонов, Дилшод Ташев ва Рустам Турсунов ҳам бор. Уларга нисбатан ўзлаштириш ёки растрата, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги, шунингдек айрим ҳолатларда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби моддалар бўйича айбловлар илгари сурилган.
Эслатиб ўтамиз, Бекмурод Абдуллаев 2021 йил апрель ойидан Ички ишлар вазири ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимида ишлаб келган. У 2025 йил 3 ноябрь куни лавозимидан озод этилган.
2026 йил январь ойида эса Ички ишлар вазирлиги тизимида давлат харидларида 186 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштирилгани аниқланиб, вазир ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва департамент бошлиғи Рустам Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва унинг қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалган.
Live
Барчаси