Beeline абонентларига етказган миллиардлаб зарарни тўлаб беришни бошлади
Жамият
−
08 Декабрь 2020
116642019 йилнинг июль ойида “UNITEL” МЧЖ томонидан абонентларни “Хабардор бўл” хизматига бепул промо-даврга (10 ва 30 кунга) уланиши бўйича промо-акция ўтказилиши тўғрисида эълон берилган эди. Ушбу промо-акция мазкур хизматга уланмаган абонентлар учун мўлжалланган. Бироқ, бепул давр тугаши билан, промо-акция шартларига кўра, ушбу хизмат автоматик равишда ўчирилмаган. Аксинча, ўрнатилган нарх бўйича кунлик 240 сўм миқдорида абонентларга ҳисобланган.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги жорий йилнинг март ойида Beeline Uzbekistan компаниясига нисбатан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва “Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш қоидалари” талаблари бузилиши белгилари бўйича иш қўзғатган эди. Бу ҳақда Агентлик Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Муҳим рақамлар
Маълумотларга кўра, ушбу промо-акцияга умумий ҳисобда 3,2 миллиондан ортиқ абонент уланган. Улардан 1,2 миллионга яқини томонидан мазкур хизмат мустақил равишда ўчирилган.
Шу билан бирга, 2020 йил май ҳолатига ушбу хизмат деярли 1,3 млн. абонентда ёқилган ҳолатда бўлишда давом этган.
“Агентликнинг Махсус комиссияси томонидан 2020 йил 3 июль санасида “UNITEL” МЧЖга нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддаси ҳамда Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш қоидаларининг 25 ва 26 бандлари бузилиши юзасидан қарор қабул қилинди ва кўрсатма берилди”, дейилади хабарда.
Кўрсатмада промо-акцияни ўтказиш давомида “Хабардор бўл” хизматига бепул уланган ва акция тугаганидан сўнг автоматик равишда хизмат ўчирилмаган абонентларга мазкур хизматни ўчириш ва кўрилган зарарни қоплаш бўйича талаблардан иборат бўлиб, ҳар бир абонент ҳисобидан “Хабардор бўл” хизмати доирасида ортиқча ечилган маблағ унинг ҳисобига қайтарилиши билан қопланиши кўзда тутилган.
Суддаги ғалаба
Хабар қилинишича, “UNITEL” МЧЖ ўзининг қонуний ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда, шу йилнинг август ойида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман маъмурий судига Агентлик кўрсатмасини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида мурожаат қилган. Бироқ суд “UNITEL” МЧЖнинг талабини рад этиш ва Агентлик кўрсатмасини ўз кучида қолдириш бўйича қарор қабул қилган.
Орадан вақт ўтиб, жорий йилнинг октябрь ойида Компания Тошкент шаҳар маъмурий судига аппеляция даъвоси билан қайта мурожаат қилади. Маъмурий суд ҳам Агентликнинг кўрсатмасини ҳақиқий деб топиб, Компания аппеляциясини рад этади.
“Хабардор бўл” хизмати ўчирилди
Жорий йилнинг 13 ноябрь куни “UNITEL” МЧЖ ўзининг www.beeline.uz расмий сайтида 26 ноябрдан бошлаб, 2019 йил промо-акция давомида акцияга уланган абонентларда “Хабардор бўл” хизмати ўчирилиши тўғрисида эълон қилди.
Маълум қилинишича, агентлик томонидан қўзғатилган иш бўйича 9 ой давом этган мунозара истеъмолчилар фойдасига ҳал этилган. Бугунги кунга келиб, Beeline Uzbekistan абонентларига етказилган зарар 20 миллиарддан ортиқ миқдорда баҳоланмоқда. Компания томонидан ушбу маблағлар абонентлар ҳисобига қайтарилиши бошланган.
LiveБарчаси