Beeline абонентлари сохта акция сабаб 1 млрд сўм йўқотди
Жамият
−
21 Май 2020
10975Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги “Beeline Uzbekistan” мобиль оператори абонентларга “Ғолиб бўл ва ютиб ол!” акцияси бўйича сохта реклама орқали истеъмолчиларга нотўғри маълумот берганлиги учун “ViaMobi” МЧЖга нисбатан қарши иш қўзғатди.
Хусусан, акция иштирокчилари – истеъмолчилар сўровига биноан уларнинг телефон рақамларига “Сизнинг телефон рақамингиз 100 000 000 сўмлик супер ютуқнинг соҳиби сифатида танланди! Хизматга обуна бўлиш нархи кунига 1999 сўм” каби мазмундаги SMS-хабар юборилган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан юборилган сўровни “ViaMobi” МЧЖ батафсил ўрганиб чиққанидан сўнг мазкур акцияда иштирок этишга эътиборни жалб қилиш учун танланган Aбонентлар гуруҳига SMS-хабар юборилганлигини тан олди. Матнни мослаштириш (таржима қилиш) жараёнидаги хато туфайли хабарнинг маъноси ўзгариб кетган. Натижада абонентлар “Сиз ғолиб бўлишингиз мумкин” ўрнига (Hisobni to’ldirganingiz uchun Sizga 500 ball taqdim etildi. Sizning raqamingiz 100 000 000 so’mlik super yutuqning ehtimoliy sohibi sifatida tanlandi! SMS orqali 3 sonini 6767 ga yuboring! Xizmatga obuna bo’lish narxi 1999 so’m/kun. Ma’lumot: http://win.beeline.uz)” мазмунида юборилган нотўғри матнни олганлар.
Ушбу реклама акциясида 749 минг истеъмолчи иштирок этган бўлиб, жорий йилнинг март ойи ҳолатига умумий даромад миқдори 1 млрд сўмни ташкил этади.
Шу муносабат билан “ViaMobi” МЧЖ томонидан тақдим этилган реклама берувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ва “Реклама тўғрисида”ги қонунларни бузганлик учун иш қўзғатилди.
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, нотўғри реклама оқибатида сотиб олинган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.
“Мазкур ҳолатни кўриб чиқиш натижалари бўйича батафсил маълумотлар берилишини маълум қиламиз.
Истеъмолчилар диққатига – “Ғолиб бўл ва ютиб ол!” акцияси иштирокчилари нотўғри реклама натижасида етказилган зарар қопланиши тўғрисида Агентлик ва “ViaMobi” МЧЖга мурожаат қилишингиз сўралади”, дейилган агентлик хабарида.
LiveБарчаси