Байденнинг ёрдамчиси “қора шаҳзода” билан стратегик келишувни муҳокама қилди

Олам

image

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ва АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан Ар-Риёд ва Вашингтон ўртасида стратегик келишувни тайёрлаш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Саудия матбуот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Саудия Арабистонининг Даҳрон шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда томонлар иш ниҳоясига етказилаётган бундай келишувнинг “ярим финал версияси”ни кўриб чиққан. Билдирилишича, ҳужжат устида ишлаш Фаластин масаласига ҳам тегишли ва икки давлат қарорини амалга оширишга қаратилган. Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Оқ уй вакили минтақадаги сўнгги ўзгаришлар, Ғазо секторидаги вазият ва жанглардан жабр кўрган аҳоли учун Фаластин анклавига гуманитар ёрдам етказиш заруриятини ҳам муҳокама қилган.

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирбининг маълум қилишича, бугун, 19 май куни Салливан Исроил раҳбарияти вакиллари, жумладан, Бош вазир Биньямин Нетаньяху билан учрашувлар ўтказади. “Ахиос” порталининг ёзишича, АҚШ маъмурияти Исроил билан Рафаҳдаги ҳарбий амалиётларнинг кенгайиши делегациянинг Яқин Шарққа ташрифидан олдин содир бўлмаслиги ҳақида келишувга эришган.

Таъкидлаш жоизки, 29 апрель куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Ар-Риёддаги Жаҳон иқтисодий форумининг махсус сессиясида Ар-Риёд ва Вашингтон сўнгги ойларда Саудия Арабистони ва Исроил ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича фаол иш олиб бораётганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, Ғазодаги можарони ҳал этиш ва Фаластин давлатини тузиш қарорини амалга ошириш бунинг учун асосий шартлардир.

Маълумот учун, Ар-Риёд Вашингтон билан мудофаа шартномасини тузиш учун музокаралар олиб бормоқда. Хавфсизлик кафолатларини олган Саудия Арабистони Исроил билан тўлиқ дипломатик муносабатлар ўрнатиши мумкин. Эҳтимолий муқобил сифатида Вашингтон Ар-Риёдга “НАТО бўлмаган йирик иттифоқчи” мақомини таклиф қилишга ёки АҚШ ва Баҳрайн ўртасидаги келишувга ўхшаш шартнома тузишга тайёр. Бу шартномада давлатлар ҳарбий-техникавий ва разведка соҳаларида ҳамкорлик қилишга ва икки томонлама маслаҳатлашувлардан сўнг “ҳар қандай ташқи тажовузга” қарши туришга келишиб олди. Бундан ташқари, келишув Саудия Арабистонининг ядровий дастурини яратишда Америка ёрдамини ҳам назарда тутиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Саудия Арабистони Жейк Салливан Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг