Байденнинг уйи 13 соат тинтув қилинди
Олам
−
23 Январь 2023
16139АҚШ Адлия вазирлиги ходимлари Президент Жо Байденнинг Уилмингтондаги (Делавэр штати) уйини тинтув қилишда махфий ҳужжатларнинг янги партиясини топди. Бу терговчилар томонидан топилган махфий ҳужжатларнинг тўртинчи партияси ҳисобланади. Бу ҳақда CNBC хабар берди.
Қайд этилишича, қидирув жорий йилнинг 20 январь куни 13 соат давомида олиб борилган. Ҳаммаси бўлиб “махфий” ва “тегишли материаллар”деб номланган олтита ҳужжат топилган. Байденнинг адвокатига кўра, топилманинг бир қисми Байден сенатор бўлган даврига (у 1973 йилдан 2009 йилгача Делавэр штатининг вакили бўлган), иккинчиси вице -президентлик (2009 йилдан 2017 йилгача) вақтига тўғри келади.
Адвокатнинг сўзларига кўра, Адлия вазирлиги ходимлари Байденнинг вице-президентлиги давридаги бир нечта қўлда ёзилган ҳужжатларни олиб кетган. Қонунга кўра, президентлар ва вице-президентлар ўз лавозимидан кетгач, ҳукумат ҳужжатларини Миллий архивга қайтаришлари шарт.
АҚШ Президентининг махсус маслаҳатчиси Ричард Заубернинг сўзларига кўра, давлат раҳбари ва биринчи хоним Жилл Байден тинтувларда қатнашмаган, тинтув адвокатлар ва Оқ уй вакиллари иштирокида ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, топилманинг биринчи партияси Байденнинг шахсий кабинетидан 2009 йилдан 2017 йилгача у АҚШ вице-президенти лавозимида ишлаган давридаги махфий ҳукумат ҳужжатлари эди. Ҳужжатларни Байденнинг адвокатлари Пенсильвания университетидаги Байден дипломатия ва глобал ҳамкорлик марказида офис майдонини бўшатганларида қулфланган кабинетдан топган.
Оқ уй Байден Вашингтондаги белгиланган бинолардан 2017 йилдан 2020 йилгача маъмуриятда ишламаган пайтда фойдаланганини тан олди. Президентнинг ўзи эса ишхонасидан топилган махфий ҳужжатлардан ҳайратга тушгани ва уларнинг мазмунини билмаслигини айтган.
Кейинчалик Америка раҳбарининг ёрдамчилари Байденнинг Уилмингтондаги уйининг гаражидан махфий ҳужжатларнинг янги тўпламини топгани ҳақида маълумот пайдо бўлди.
Шунингдек, давлат раҳбарининг ҳуқуқий масалалар бўйича махсус маслаҳатчиси Ричард Заубер Жо Байденнинг мамлакат шарқидаги Делавэр штатининг Уилмингтон шаҳридаги уйида махфий деб белгиланган яна беш саҳифали ҳужжатларни топиб, уларни дарҳол Адлия вазирлигига топширган эди.
Топилган ҳужжатлар юзасидан жорий йилнинг 12 январь куни АҚШ адвокати котиби Америка Президентига тегишли махфий ҳужжатларни нотўғри сақлаш ишини тергов қилиш бўйича Роберт Хурни махсус маслаҳатчи этиб тайинлангани эълон қилинган эди.
Шундан сўнг АҚШ Адлия вазирлиги Президент Жо Байденга тегишли махфий ҳужжатларни қидириш жараёнини кузатиш учун Федерал қидирув бюросини жалб қилиш имкониятини кўриб чиқди. Аммо терговни мураккаблаштирмаслик учун бу ғоядан воз кечишга қарор қилган, чунки вазирлик Президентнинг адвокатлари билан фаол ҳамкорликни ўрнатган эди.
Озода Чориева
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь