Байден ўқотар қуролларни тақиқлаш бўйича қонунни имзолади
Олам
−
25 Июнь 2022
5932Бугун, 25 июнь куни АҚШ Президенти Жо Байден Конгресс томонидан мамлакатда ўқотар қуроллар айланиши устидан назоратни кучайтириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Маросим Оқ уйда бўлиб ўтди.
“Мамлакатда ўқотар қуроллар хавфсизлиги бўйича муҳим қонунлар қабул қилинганига 30 йил бўлди. Мен бугун 30 йил ичида [бу соҳадаги] энг муҳим қонунни имзолаш учун келдим. Гарчи бу қонун мен хоҳлаган ҳамма нарсани бажармаса-да, у мен узоқ вақтдан бери ҳаётни сақлаб қолиш учун чақирган чораларни ўз ичига олади”, дейди Америка раҳбари.
У имзолаган ҳужжат, расмийлар фикрича, ўзига ва бошқаларга хавф туғдирувчи шахслардан ўқотар қуролларни вақтинча олиб қўйиш учун давлат грантларини назарда тутади. Бундан ташқари, ҳужжат оиладаги зўравонлик жинояти учун судланган шахсларга камида беш йил давомида ўқотар қурол сотиб олишни тақиқлайди. Бироқ, агар фуқаро ушбу муддатдан кейин ҳеч қандай зўравонлик қилмаса, бу ҳуқуқ тикланади.
Қонун, шунингдек, Фудерал тергов бюросидан 21 ёшгача бўлган ўқотар қурол сотиб олувчиларни янада қаттиқроқ текшириш учун штат ва маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан боғланишини талаб қилади. Бироқ, ушбу қоида қонун кучга кирганидан кейин 10 йил ўтгач ўз кучини йўқотиши кўзда тутилган.
Ниҳоят, ҳужжат тақиқланган шахс номидан ўқотар қурол сотиб олишни федерал жиноят деб ҳисоблайди, ўқотар қурол сотувчиларни рўйхатдан ўтказиш талабларини аниқлайди ва таълим хавфсизлиги ва руҳий саломатлик учун 15 миллиард долларга яқин маблағ ажратишга рухсат беради.
Янги қонуннинг тафсилотлари икки партияли сенаторлар томонидан тахминан бир ой давом этган маслаҳатлашувларда келишиб олинди. Ташаббус республикачилар ва демократлар ўртасидаги муросадир. “Politico” газетаси ҳужжатни мамлакатдаги оммавий отишмаларга қарши "тахминан 30 йил ичидаги энг муҳим Конгресс жавоби" деб атади. Ўз навбатида, Байден бу Конгресснинг "28 йиллик ҳаракатсизликдан сўнг" Қўшма Штатлардаги ўқотар қуроллар билан зўравонлик муаммосини ҳал қилишга қаратилган биринчи уриниши эканлигини таъкидлади.
Республикачилар партиясини қўллаб-қувватловчи АҚШ Миллий милтиқ уюшмаси қонун лойиҳасига кескин қарши чиқди. Ўқотар қуролга эгалик қилиш ҳуқуқи америкаликларга АҚШ Конституциясига киритилган иккинчи тузатиш билан кафолатланган.
Эслатиб ўтамиз, қонун яқинда Техаснинг Ювалде шаҳридаги бошланғич мактабда юз берган отишма натижасида 19 бола ва икки ўқитувчи ҳалок бўлган фожиали воқеалардан кейин, шунингдек, Нью-Йоркнинг Буффало шаҳридаги супермаркетда уюштирилган отишмада тўққиз киши ўлдирилганидан кейин қабул қилинди.
Май ойида “New York Post” газетаси Gun Control Зўравонлик веб-сайти маълумотларига таяниб, “2022 йилда Қўшма Штатлардаги оммавий отишмалар сони йил кунлари сонидан ошиб кетгани” ҳақида хабар берганди. Ҳисоботда айтилишича, жорий йилнинг 144 кунида мамлакатда 214 та отишма ҳолати қайд этилган.
LiveБарчаси