Байден Путин ҳузурига борадиган Макронга “сим қоқди”

Олам

image

АҚШ ва Франция Президентлари Жо Байден ҳамда Эммануэль Макрон кеча, 6 февраль куни телефон орқали Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилди. Суҳбат Франция давлати раҳбарининг Москвага ташрифи арафасида бўлиб ўтган.  

“Раҳбарлар Россиянинг Украина билан чегарасида давом этаётган вазиятга жавобан дипломатик ва олдини олиш саъй-ҳаракатларини муҳокама қилди ҳамда Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашларини яна бир бор тасдиқлади”, дейилади Оқ уйнинг суҳбатдан сўнг эълон қилган баёнотида. 

Бу АҚШ ва Франция Президентларининг бир ҳафта ичида иккинчи телефон мулоқоти бўлиб, аввалгиси 2 февраль куни бўлиб ўтган. 

Бугун, 7 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Макронни қабул қилади. Россия раҳбари Матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, сўнгги икки ҳафта ичида уч марта телефон орқали гаплашган етакчилар кўплаб мавзуларни муҳокама қилиш ниятида. Эртага, 8 февраль куни Франция Президенти Украинага ташриф буюришни режалаштирмоқда. Франция ҳукумати расмий вакили Габриэль Атталга кўра, Макроннинг Москва ва Киевга ташрифлари Парижнинг Украина атрофидаги вазиятни юмшатишга қаратилган саъй-ҳаракатларининг давоми бўлади.

Украина-Россия низоси

Сўнгги пайтларда Россия-Украина можароси жиддий тус олган. Бир томонда Киевни қўллаётган АҚШ ва НАТО турган бўлса бошқа томонда урушга қарши ҳарбий тайёргарликларни бошлаб юборган Россия турибди. 

Украинанинг тарафини олиб АҚШ Киевга 200 миллион доллар миқдоридаги, қарийб 500 тонна қурол-яроғ, 300 та Жевелин танкка қарши ўт очар техникалари ва 5 та МИ-17 вертолётини етказиб берганини билдирган. Бундан ташқари, 8 500 нафар ҳарбийни Шарқий Европага юбориш учун шай ҳолда ушлаб тургани ҳақида маълум қилган. 

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги эса Украинага элита бўлинмасининг 30 нафар ҳарбий хизматчисини, 2 000 та танкка қарши ракета ва қурол-яроғ юборилгани ҳақида хабар берган. 

Бошқа томондан, Россия Украина баҳонасида “бурни тагига” тиқилиб олаётган НАТОнинг Шарқий Европа томон силжиб келишини қоралаб, унга қарши ўз ҳудуди ва Беларуснинг Украина билан чегарадош ерларида 100 000 дан ортиқ қўшин ва ҳарбий техникалар тўплаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Байден Макрон

Баҳолаганлар

180

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг