Байден Президент бўлганига 50 кун тўлди. “Оқсоқол” раҳбар қисқа вақтда АҚШга нималар берди?
Таҳлил
−
10 Март 2021
9347АҚШ Президенти Жо Байден жорий йилнинг 20 январь куни ҳокимиятга келганидан сўнг, дастлабки 100 иш кунида амалга оширадиган вазифаларининг тўлиқ режасини маълум қилган эди. Иқлим ўзгаришидан тортиб, иммиграция ислоҳоти ва коронавирус пандемиясигача бўлган мавзулар унинг иш режасидан ўрин олганди.
Бугун, 10 март куни Байден АҚШ Президени лавозимини эгаллаганига 50 кун тўлди, унинг маъмурияти эса муҳим қарорнинг чиғириқдан ўтишини кутмоқда: коронавирусга қарши курашда ёрдам пакетини шакллантирган 1,9 триллион АҚШ доллари миқдоридаги сумма Конгресс томонидан тасдиқланиши керак. Ушбу қарор лойиҳасида миллионлаб америкаликларга тўғридан-тўғри ёрдам пули бериш, мактаблар фаолиятини тиклаш ва кўпроқ америкаликларни эмлаш каби Байденнинг энг катта сайловолди ваъдаларини бажариш учун маблағ ажратиш ўрин олган.
Орадан 50 кун ўтди. Байден президентлигининг дастлабки кунларидаёқ сайловолди дастурининг бир қатор муҳим ваъдаларини бажаришда сезиларли ютуқларга эришди, бошқа ваъдалари эса ҳалигача қарорни кутмоқда. Қуйида ушбу қисқа муддат ичида АҚШнинг энг кекса Президенти томонидан амалга оширилган ислоҳотлар ва бажарилган ваъдалар ҳақида сўз боради.
Бажарилган ваъдалар
Байден президентлигининг илк ҳафтасидаёқ коронавирус пандемиясига қарши курашни устувор масала сифатида кўрди ва бу эътибор ўз самарасини берди. Унинг ваъдаси: Президент вазифасига киришганининг 100-кунида, 100 миллион америкалик коронавирусга қарши вакцина билан эмланган бўлиши керак эди. Ҳар куни мамлакат бўйлаб 2 миллионга яқин америкалик вирусга қарши эмланмоқда ва бу кўрсаткич 50 кун ичида 75 миллионга етди. Кўриниб турибдики, Байден ўз ваъдасини тўлиқ бажаришга жуда яқин турибди.
Байден, шунингдек, иқлим сиёсатига оид ваъдаларни бажаришда бир неча муҳим ҳаракатларни амалга оширди. У инаугурация куни, аниқроғи 20 январда “Keystone XL” нефть қувури учун рухсатномани бекор қилди. Гап шундаки, ушбу қувур 1900 км масофага ётқизилиши ва кунига 800 минг баррель нефть ташиш қувватига эга бўлиши керак эди. Бу жуда катта ҳажм ва лойиҳа. Бугун дунёда энергия борасида нефть, газ ва кўмирга қарши тенденция бошланган, аниқроғи экологияга етказилаётган зарарни камайтириш мақсадида Ғарб давлатлари “яшил энергетика”га ўтишни устувор вазифа сифатида кўрмоқда. Шунинг учун ҳам “Keystone XL” лойиҳаси тўхтатилди.
Бундан ташқари, Арктика миллий ёввойи табиат қўриқхонасини қуришга чек қўйилди ва Трамп давридаги атроф-муҳит, соғлиқни сақлаш ва илм-фан бўйича қарорларни қайта кўриб чиқиш тўғрисида фармойиш имзоланди.
Байден, шунингдек, Трамп маъмуриятининг иқлим ўзгаришидан тортиб то иммиграция сиёсатига қадар бўлган барча ҳаракатларини қайта кўриб чиқиш бўйича фармойиш имзолади. Дастлаб, Байден маъмурияти Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Париждаги иқлим келишувига қайта қўшилди, мамлакат жанубидаги Мексика билан чегарада девор қурилишини тўхтатди. Шунингдек, аксарият мусулмон мамлакатлар аҳолисининг саёҳатига чекловларни бекор қилди ҳамда АҚШ ва Мексика чегараси ажратган оилаларни бирлаштириш бўйича махсус гуруҳ тузди.
Иммиграция борасида Байден биринчи 100 кун ичида кенг қамровли ислоҳотлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини Конгрессга етказишга ваъда берган эди ва ушбу лойиҳа ўтган ой омма эътиборига эълон қилинди. Байден, шунингдек, Миллий хавфсизлик котибига ота-оналари томонидан АҚШга олиб келинган ёш муҳожирларнинг ҳимоясини “сақлаш ва мустаҳкамлаш” бўйича вазифа қўйди.
Бундан ташқари, Байден маъмуриятидаги ахлоқий меъёрларни кучайтириш ваъдасини бажариш учун бир неча ҳаракатларни амалга оширди, шу жумладан 20 январь куни Адлия вазирлигининг фаолиятига аралашиш, таниш-билишчилик ва совғалар олиш каби ҳаракатларни тақиқловачи ҳужжат имзолади.
Жараёнда бўлиб турган ваъдалар
Бироқ Байденнинг бошқа бир ваъдалари устида ишлаш ҳали якунланмаган.
У COVID-19 миллий стратегияси доирасида февраль ойининг охирига қадар бутун мамлакат бўйлаб Ҳукумат томонидан 100 та янги эмлаш марказлари очилишини ваъда қилганди. Айни пайтда маъмурият ҳисобида федерал Ҳукумат томонидан тўлиқ назорат қилинадиган ва Пентагон томонидан жойлаштирилган фаол навбатчи ходимлардан иборат 20 га яқин оммавий эмлаш масканлари бор. Умуман олганда, Байден маъмурияти ҳозирда камида 441 эмлаш жойларига федерал ёрдам кўрсатилаётганини таъкидламоқда. Ушбу эмлаш масканларининг аксарияти янги эмас, аммо уларнинг деярли барчаси ўз имкониятларини қўшимча федерал ресурслар билан кенгайтирган.
Иммиграция масаласида Байден Трамп маъмуриятининг муҳожирларни фуқароликка қабул қилиш жараёнини соддалаштириш ва АҚШда бошпана бериш тизимини ислоҳ қилиш бўйича “давлат божи” қоидасини бекор қилишга ваъда берган эди. Февраль ойи бошида Байден имзолаган ижро буйруғида тегишли бўлимларга ушбу сиёсатни кўриб чиқиш ва 60 кун ичида ўз тавсиялари билан қайта мурожаат қилиш белгиланган.
Байден маъмурияти бошпана бериш тизимини ислоҳ қилиш учун бир қатор чораларни кўрди, шу жумладан Трамп давридаги АҚШда бошпана изловчиларнинг аризалари кўриб чиқилаётган пайтда Мексикада кутишлари кераклигини белгиловчи дастурни тўхтатишга қарор қилди. Аммо Байден Американинг марказай қисмидаги бошпана масаласини ҳал қилиш учун миллиардлаб доллар маблағ сарфлашни таклиф қилишдан бошқа ечим ва режа бера олганича йўқ.
LiveБарчаси