Байден Навальнийнинг беваси ва қизи билан учрашди
Олам
−
23 Февраль
10999АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 22 февраль куни россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг беваси ва қизи билан учрашди. Бу ҳақда “Америка Овози” хабар берди.
Калифорнияда бўлиб ўтган учрашувда Америка етакчиси Навальнийнинг “эркин ва қонун устуворлиги ҳамма учун бирдек амал қиладиган демократик Россия учун коррупцияга қарши курашдаги фавқулодда жасорати”дан ҳайратда эканини билдирди.
"Бугун мен Алексей Навальнийнинг яқинлари – Юлия ва Даша Навальнаялар билан учрашиб, уларнинг фожиали йўқотишига ҳамдардлик билдирдим. Алексейнинг жасорати, мероси Юлия ва Дашада, шунингдек, Россия бўйлаб демократия ва инсон ҳуқуқлари учун курашаётган сон-саноқсиз одамларда сақланиб қолади”, дейди Президент Байден.
Шунингдек, Байден АҚШ Навалнийнинг ўлими, Россия репрессияси ва тажовузлари ҳамда Россиянинг Украинага қарши урушига жавобан бугун, 23 февраль куни Россияга қарши кенг кўламли янги санкциялар эълон қилишини тасдиқлади.
“Ушбу чора-тадбирлар тўплами Россиянинг мудофаа ва саноат базасини ўз ичига олган бир қатор объектларга, шунингдек, Россия иқтисодиёти учун даромад манбаларига қаратилган бўлади”, деган Президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан.
Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни Россия ҳукумати мухолифатчи Алексей Навальний қамоқда вафот этганини эълон қилганди. Шундан сўнг бир қатор дунё сиёсатчилари, жумладан АҚШ Президенти Жо Байден ҳам Навальнийнинг ўлими учун Путинни айблади.
LiveБарчаси