Байден Марказий Осиё халқларини Наврўз билан табриклаб, Ғазодан сўз очди

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден, вице-президент Камола Ҳаррис ва Давлат котиби Энтони Блинкен дунё ҳамжамиятини Наврўз байрами билан табриклади. Улар бу ҳақда ўзларининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилди. 

Байден марказий осиёликлар қаторида Яқин Шарқ, Жанубий Осиё, Кавказ ва Европа халқларини ҳам Наврўз билан қутлаган.

"Бугун Жилл ва мен Наврўзни Америка Қўшма Штатлари ва бутун дунё бўйлаб – Яқин Шарқ, Марказий Осиё, Жанубий Осиё, Кавказ ва Европагача нишонлаётган барчага энг яхши тилакларимизни йўллаймиз. Наврўз байрами яқинларни Ҳафт-Син дастурхони атрофида жамлаб, ўтган йил ҳақида фикр юритишга ва келгуси йилга янги ниятлар қилишга ундайди", деган АҚШ раҳбари. 

Умид ҳақида гап кетар экан, Байден инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари учун курашаётган Эрон аёллари учун оғир давр келганини қўшимча қилган ва мамлакат расмийларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига қарши кураш давом этишини билдирган.

"Қўшма Штатлар ўзларининг ишончи ва жасорати билан дунёни илҳомлантираётган Эроннинг барча фуқаролари билан бирга бўлишда давом этади. Ҳамкорларимиз билан биргаликда биз Эрон расмийларини ўз халқига қарши ҳужумлари учун жавобгарликка тортишда давом этамиз", деган Байден табрикномасида. 

Байден навбаҳорни ва у олиб келадиган янги кунга бўлган умидларининг тароватини акс эттириш учун Оқ уйда Ҳафт-Син дастурхонини безатганини қўшимча қилган. Шунингдек, АҚШ етакчиси бу йилги Наврўз кўпчилик учун оғир пайтга тўғри келганини такрорлаган ва эътиборини Ғазодаги вазиятга қаратган.

"Ғазодаги уруш Фаластин халқига даҳшатли азоб-уқубатлар келтирди. Биз уларга кўпроқ инсонпарварлик ёрдами, жумладан, зудлик билан зарур бўлган озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва бошпана олиш учун халқаро саъй-ҳаракатларни давом эттирамиз", деган у.

Вице-президент Камола Ҳаррис йўллаган видео мурожаатида Наврўз байрамини нишонлаётган барчани янги кун билан табриклаган ва бу байрам умидбахш эканлигини урғулаган.

"Ушбу қийин пайтларда Наврўзнинг янгиланиш ваъдаси бизнинг қалбимизда умид уйғотади, чунки биз бирга туриб, фаровонлик, соғлик ва дунё бўйлаб тинчлик бўлиши учун ибодат қиламиз", деган Ҳаррис. 

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам жамоадошларига уйғун шаклда дунёни Наврўз байрами билан қутлаб, мурожаат билан чиққан. 

"Баҳор келиши ва янги бошланаётган кунни нишонлаётган барчага Наврўз байрами муборак бўлсин. Келинг, оилавий ришталарни ва бахтли келажак ваъдаларини сақлаб қолайлик", деган котиб. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда Наврўз арафаси умумхалқ сайиллари ва ҳашарлари ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Наврўз Жо Байден Камола Ҳаррис

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг