Наврўзда умумхалқ сайиллари ва ҳашарлари ўтказилади
Жамият
−
04 Март
82552024 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатда "Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!" деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юқори даражада кенг нишонланади. Бу ҳақда бугун, 4 март куни Президент томонидан имзоланган қарорда келтирилган.
Унга кўра, жойларда Наврўз умумхалқ байрамининг барча тадбирлари миллий қадрият ва анъаналар ҳамда замонавий тажрибалар асосида юқори савияда, оммавий сайиллар шаклида ташкил этилади. Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” мажмуасида алоҳида дастур асосида халқ сайиллари ўтказилади.
Шунингдек, 2024 йилги Наврўз байрами рамазон ойида нишонланишини инобатга олиб, кекса авлод вакиллари, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари ҳар томонлама эъзозланади. “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олинади.
Бундан ташқари, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирлар амалга оширилади, республиканинг барча ҳудудларида, кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига қаратилган умумхалқ ҳашарлари ўтказилади.
Қарорда байрам тадбирлари давомида ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий спорт турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш, китоб кўргазмалари, арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари, кўчма савдо дўконларини ташкил этиш, кўклам таомларини тайёрлаш ҳамда уларнинг кўргазма-савдолари ва танловларини уюштириш ҳам белгилаб қўйилган.
LiveБарчаси