Байден Киевга сафари давомида “арвоҳ поезд”дан фойдаланган – NYT
Олам
−
07 Декабрь
10539Украина ҳукумати 2023 йил февралда АҚШ Президенти Жо Байденнинг Киевга қилган сафари хавфсизлигини таъминлаш учун иккита ўхшаш поездни турли йўналишларда ҳаракатлантирган. Бу ҳақда “Укрзализниця” темирйўл компаниясининг коммуникациялар ва маркетинг бўйича вице-директори Александр Шевченко “The New York Times” нашрига маълум қилган.
Унга кўра, 2023 йил АҚШ Президенти Жо Байден Киевга ташриф буюрганида Украина темирйўлларида иккита ўхшаш поезд ҳаракатга келтирилган. Ҳеч ким қайси бири ҳақиқий, қайси бири эса “арвоҳ поезд” эканини билмаган. Қайд этилишича, хорижий раҳбарлар Украинага ташриф буюрганда доимо икки захира маршрути тайёрланади. Байден “Rail Force One” деб номланган поездга чиққан.
Маълумот учун, хорижий раҳбарлар Киевга Польша орқали поезд билан боради. Чунки уруш бошлангандан сўнг мамлакатдаги ҳаво йўллари хизмати тўхтатилган. Байден 2023 йил 20 февралда кутилмаган ташриф билан Киевга борган. Бу унинг АҚШ Президенти сифатида Украинага қилган биринчи сафари бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жо Байден маъмурияти Конгрессга Украинанинг 4,6 млрд доллар иқтисодий қарзини бекор қилиши ҳақида баёнот берганди.