Байден Киевга Россиядаги нишонларга АҚШ қуроллари билан зарба беришга яширинча рухсат берди
Олам
−
31 Май
5565АҚШ Президенти Жо Байден Киевга Россия ҳудудини ўққа тутиш учун Америка қуролларидан фойдаланишга яширин рухсат берди. Бу ҳақда маъмурият вакилларига таяниб, "Politico" хабар берди.
"Президент Байден ўз маслаҳатчилари ва асосий иттифоқчиларининг босими остида Украинага АҚШда ишлаб чиқарилган қуроллардан фойдаланган ҳолда Россия ичида чекланган зарбалар беришга рухсат берди ва бу Украина учун урушда янги саҳифа бўлиши мумкин", дейди АҚШ маъмурияти расмийларидан бири.
Бу қарор Киевга Россия ҳудудига зарба бериш учун Америка қуролларидан фойдаланишга рухсат беришдан қатъий бош тортган Байден сиёсатидаги ўзгаришларни кўрсатди.
“Президент яқинда ўз жамоасига Украинага Харьков вилоятидаги ҳужумларга қарши туриш учун Америка қуролларидан фойдаланиш имконини беришни буюрди, токи Украина уларга ҳужум қилаётган ёки ҳужум қилишга тайёрланаётган Россия кучларига жавоб қайтара олсин”, дейди яна бир манба.
АҚШ расмийларининг айтишича, сиёсат ўзгариши 30 майдан кучга кирган. Бироқ бу фақат Харьковга чегарадош Россия ҳудудларига АҚШ қуроллари билан зарба бериш мумкинлигини англатади.
"Россияда ATACAMS тизимларидан фойдаланишни ёки узоқ масофали зарбаларни тақиқлаш бўйича сиёсатимиз ўзгармади", дейди манба Украинага берилган ва Россия ҳудудига чуқур кириб боришга қодир бўлган артиллерия тизимига ишора қилиб.
Қайд этиш жоизки, НАТО иттифоқчилари Қўшма Штатларни Украинага Москванинг шу ой Харковга бошлаган ҳужумида иштирок этган Россия ичидаги ракета объектлари ва бошқа ҳарбий объектларга зарба бериш учун Ғарб қуролларидан фойдаланишга рухсат беришга чақираётган эди.
Байденнинг қарори ҳақидаги миш-мишлар Пентагон АҚШнинг Россияда Америка қуролларидан фойдаланишга қарши сиёсати ўзгаришсиз қолганини айтганидан кўп ўтмай пайдо бўлди.
“Украинага кўрсатаётган хавфсизлик ёрдамимиз Украина ичида қўлланилиши керак. Ва биз ҳужумларни рағбатлантирмаймиз ёки Россияга зарба беришга рухсат бермаймиз ", деган эди Пентагон матбуот котиби Сабрина Сингх.
LiveБарчаси