Байден ХЖСнинг Нетаньяхуни ҳибсга олиш ҳақидаги ордерига муносабат билдирди
Олам
−
22 Ноябрь
15448АҚШ Президенти Жо Байден Халқаро жиноий суднинг Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш учун ордер берганини “ғазабнок” деб атади. Бу ҳақда кеча, 21 ноябрь куни Байден маъмурияти баёнот берди.
“Халқаро жиноят судининг Исроил раҳбарларига нисбатан ҳибсга олиш учун ордер бергани ғоят ғайритабиийдир. Яна бир бор аниқ айтиб ўтаман: ХЖС нима демасин, Исроил ва ҲАМАС ўртасида тенглик йўқ. Биз таҳдидларга қарши доимо Исроил билан бирга бўламиз”, дейилади Оқ уй матбуот хизмати томонидан эълон қилинган ҳужжатда.
Байдендан олдин АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгаши Қўшма Штаталар ХЖСнинг ҳибсга олиш учун ордер бериш борасидаги шошқалоқлиги ва бу қарорга олиб келган муаммоли процессуал хатоларидан қаттиқ хавотирда экани ҳақида баёнот берган эди.
Исроил ҳам, АҚШ ҳам ХЖС юрисдикциясини тан олмайди. Суднинг ўз “полицияси” бўлмагани учун Рим статутига аъзо бўлган 124 давлат унинг қарорлари ижроси учун масъулдир.
Айни пайтда Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Биньямин Нетаньяху ва Йоав Галантнинг ХЖС ордерларига мувофиқ ҳибсга олиниши мажбурий қарор эканини айтган.
“Бу сиёсий қарор эмас ва суд қарори ҳурмат қилиниши ҳамда амалга оширилиши керак”, деган Боррель Иорданиядаги матбуот анжуманида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) судгача бўлган палатаси Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берганди. Қарор 2023 йил 8 октябрдан 2024 йил 20 майгача содир этилган “инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятлари” туфайли қабул қилинди. Исроил Президенти Ицхак Герцог ушбу қарорга муносабат билдирди ва уни “адолат учун қора кун” деб атади. Герцогнинг иддао қилишича, мазкур қарор демократия ва эркинлик ўрнига террор ва ёвузлик тарафини танлашни англатади.
Рим статутини ратификация қилган давлатлар ХЖС буйруғини бажаришлари шарт. ХЖС маълумотларига кўра, суд Биньямин Нетаньяху ва Йоав Галант Ғазо секторидаги “тинч аҳолини омон қолиш учун зарур бўлган сув, дори-дармон, озиқ-овқат, тиббий буюмлар, ёқилғи ва электр энергиясидан атайлаб маҳрум қилган” деб ишониш учун асосга эга.
LiveБарчаси