Байден Қатар Амири билан Ғазодаги асирлар масаласини гаплашди
Олам
−
27 Декабрь 2023
4228Кеча, 26 декабрь куни АҚШ Президенти Жо Байден Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийга қўнғироқ қилиб, Ғазо секторидаги вазият ва Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Қатарнинг QNA ахборот агентлиги хабар берди.
“Телефон мулоқоти чоғида томонлар Фаластин анклавида доимий ўт очишни тўхтатишга эришиш учун қўшма воситачилик саъй-ҳаракатларини муҳокама қилган”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Қатар Амири ва АҚШ Президенти икки томонлама муносабатларга оид масалалар, минтақавий ва халқаро кун тартибининг айрим жиҳатлари борасида фикр алмашган.
Оқ уй матбуот хизмати тарқатган баёнотга кўра, Байден телефон суҳбатида ҲАМАС томонидан асирга олинганларни озод қилиш ва Ғазо секторига гуманитар ёрдам жўнатиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 ноябрь куни ҲАМАС Миср ва Қатар воситачилигида Исроил билан Ғазо секторида тўрт кунлик гуманитар сулҳ бўйича келишувга эришган ва у 24 ноябрда кучга кирганди. Томонлар ўт очишни тўхтатишни бир неча бор узайтирди, бироқ 1 декабрь куни эрталаб Исроил армияси ҲАМАСни сулҳни бузганликда айблади ва Ғазода яна жанговар ҳаракатларга киришаётганини эълон қилди.
LiveБарчаси