Байден Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши бўйича протоколни имзолади
Олам
−
10 Август 2022
3128АҚШ Президенти Жо Байден Вашингтоннинг Финляндия ва Швецияни НАТОга қабул қилишини тасдиқловчи ҳужжатларни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Имзолаш маросимида нутқ сўзлаган Жо Байден бугун Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлишини таъминлаш учун яна бир муҳим қадам ташланганини айтди.
Унинг фикрича, икки Скандинавия давлатининг НАТОга қўшилиши бу нафақат Европа ва АҚШда, балки бутун дунёда Иттифоқ ва хавфсизлик ва барқарорликни ошириш учун муҳим воқеа бўлган ва шундай бўлиб қолади.
“Биз Қўшма Штатлар, Финляндия ва Швеция умумий хавфсизлигимизга соя соладиган ҳар қандай таҳдидга қарши ҳушёр бўлиш, ҳар қандай қарама-қаршиликнинг олдини олиш ва юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай тажовуз ёки таҳдидга қарши туриш мажбуриятини олдик”, дейди Президент.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ халқи, унинг иттифоқчилари ва манфаатларига зарар етказишдан олдин таҳдидларни тўхтатиш ҳозир жуда муҳим.
“Путин Россияси Европада тинчлик ва хавфсизликни барбод қилган, автократлар ҳуқуқий тартиб асосларига қарши чиқаётган бир пайтда, трансатлантик иттифоқнинг мустаҳкамлиги ва АҚШнинг НАТОга содиқлиги ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир”, дейди Байден
АҚШ президенти Россия НАТОни заифлаштиришга умид қилаётганини айтди.
"Улар НАТОнинг "финландиялаштирилишини" кўришни хоҳлашди, лекин бунинг ўрнига улар НАТОнинг Финландияга кириб боришига эришишди", дейди Байден.
Швеция ва Финляндия масаласи
18 май куни Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди, бироқ Туркия бу давлатлардан ФЕТО, Курдистон ишчилар партияси ва Сурия Халқ мудофааси кучлари ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни, терроризмда ёки 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни Анқарага экстрадиция қилишни ва Туркияга қурол етказиб беришга қўйилган тақиқларни олиб ташлашни талаб қилиб, аъзолик жараёнини дарҳол тўхтатди.
Жорий йилнинг 28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон ва альянс бош котиби Йенс Столтенберг ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Уларнинг натижаларига кўра, Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига рухсат берувчи меморандум имзоланди. Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Анқаранинг барча талаблари бажарилишига келишиб олинган. Унга кўра, Швеция террорчилик фаолиятида иштирок этган 73 кишини экстрадиция қилишга ваъда берган.
30 июнь куни НАТО саммитидан кейин матбуот анжуманида иштирок этган Эрдўған, Швеция ва Финляндия учун қувонишга ҳали эрталигини, улар шартни бажарсагина, Туркия парламенти Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига оид ҳужжатни ратификация қилишини айтди.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь