Қувонишга эрта. Эрдўған Финляндия ва Швецияга нисбатан тўнини тескари кийиб олиши мумкин
Олам
−
30 Июнь 2022
9940Финляндия ва Швециянинг НАТОга қабул қилиниши бўйича қувонишга ҳали эрта. Агар мамлакатлар Туркиянинг олдидаги мажбуриятини бажармаса, Эрдўған яна тўнини тескари кийиб олиши мумкин. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 30 июнь куни Мадридда НАТО саммитидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида гапирди.
Президент гапни узоқдан бошлаб, НАТОнинг терроризмга қарши курашишига тўхталди.
“НАТО блоки терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашда қатъийлик кўрсатиши жуда муҳим. Қолаверса, бу қатъият қоғозда қолиб кетмай, реал ҳаракатларда намоён бўлиши керак”, дейди Туркия раҳбари.
Давлат раҳбари Туркия 40 йилдан бери “Курдистон ишчи партияси” террор ташкилоти бўлгинчиларига қарши кураш олиб бораётганини эслатди.
“Туркиянинг минглаб ўғил-қизлари террорчиларга қарши курашда ҳалок бўлди. Бизнинг кутишга сабримиз ҳам, вақтимиз ҳам қолмади. Биз жараёнларнинг кечикишига йўл қўймаймиз”, дейди у.
Президент Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш учун аризалари масаласида Анқара кўрсатган позицияси Туркиянинг терроризм масаласидаги “қизил чизиғи”нинг кўрсаткичидир.
Туркия раҳбари НАТОнинг кенгайиши мавзусига тўхталар экан, “Швеция ва Финляндия билан имзоланган уч томонлама декларация қийин музокаралар жараёнидан сўнг Туркия ва турк халқи учун дипломатик ғалаба” эканини таъкидлади. У эришилган келишувлар доирасида Швеция 73 нафар террористни Туркияга экстрадиция қилишга ваъда берганлигини урғулади.
Давлат раҳбари Анқара уч томонлама меморандум қоидалари ижросини диққат билан кузатиб боришини ва ишларнинг ҳақиқий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда кейинги қадамларини қўйишини қўшимча қилди.
“Агар Скандинавия давлатларининг аризаси Туркия парламенти томонидан тасдиқланмаса, НАТОга қабул қилиш жараёни якунланмайди. Шунинг учун Финляндия ва Швеция ўз мажбуриятларини бажаришлари керак. Бу давлатлар “Курдистон ишчи партияси”, “Сурия халқ мудофааси отряди” ва ФЕТО террористларига эшикларини ёпиши керак. Миллий қонунчиликка зарур ўзгартиришлар киритилиши керак. Агар бу талаблар бажарилмаса, улар хафа бўлмасин, биз тегишли чораларни кўрамиз. Агар бу талаблар бажарилмаса, бу масала Туркия парламентида муҳокама қилинмайди”, дейди Эрдўған.
Эслатиб ўтамиз, 28 июнь куни Туркия, Финляндия Президентлари, Швеция Бош вазири ва НАТО Бош котиби иштирокида НАТО саммити олдидан тўрт томонлама музокаралар ўтказилди. Музокаралар натижасига кўра, уч мамлакат Ташқи ишлар вазирлари “Учлик меморандуми”ни имзоладилар. Меморандумга кўра, Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашда барча талабларни бажаради, Туркияда террористик ташкилот деб тан олинган тузилмалар – "Курдистон ишчи партияси", "Сурия халқ мудофааси отряди" ва ФЕТО билан мулоқотни тўхтатади ва ўзи ҳам уларни террористик ташкилот сифатида қайд этади. Қолаверса, миллий қурол-яроғ эмбаргоси олиб ташланади.
LiveБарчаси