Россиянинг қўшниси НАТОнинг ядровий машғулотларига қўшилади

World

−

image

Финляндия жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган НАТОнинг ядровий тийиб туриш бўйича ҳар йилги “Steadfast Noon” машғулотларида иштирок этади. Бу ҳақда Финляндия Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, бу йил мамлакат машғулотларга штаб офицерларини юборади. Мудофаа вазири Антти Хяккяненнинг сўзларига кўра, иштирок этишнинг ушбу формати мамлакатнинг миллий мақсадларига энг мос келади.

“Ядровий тийиб туриш бўйича машғулотлар НАТО ядровий тийиб туриш тизимининг ишончлилиги, хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлашга қаратилган. Ядровий тийиб туриш –бутун альянс, жумладан, Финляндия ҳимоясининг олий кафолатидир”, дейди Хяккянен.

Билдирилишича, “Steadfast Noon” машғулотлари реал ядро қуролидан фойдаланмаган ва уни кўчирмаган ҳолда ўтказилади. НАТО мамлакатлари унда турли усуллар билан, жумладан, альянснинг ядровий операцияларини қўллаб-қувватлаш учун оддий қуролли кучларни тақдим этиш орқали иштирок этиши мумкин.

Финляндия Мудофаа вазирлиги машғулотлар халқаро вазият билан боғлиқ эмаслигини ва муайян бир мамлакатга қарши қаратилмаганини таъкидлаган. НАТО сайтида аниқлик киритилишича, бу йилги машғулотлар Италияда бўлиб ўтади. Унда 17 та мамлакат иштирок этади ва умумий кўлам аввалги машғулотларга мос келади. 

НАТО Бош котиби Марк Рюттенинг айтишича, манёврлар “альянс ядровий кучларининг шайлигини сақлаб туриш ва тегишли процедураларни текширишга қаратилган”.

“НАТО мудофаа альянси ҳисобланади. Ушбу машғулотлар бизга тинчликни сақлаш, тазйиқларнинг олдини олиш ва тажовузни тийиб туриш учун хавфсиз, ҳимояланган, самарали ва ишончли салоҳиятни таъминлашга ёрдам беради. Улар, шунингдек, бирдамлик ва қатьият ҳақида аниқ сигнал юборади”, дейди Рютте.

Машғулотлар 13 октябрь куни бошланади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Финляндия парламенти ядровий портловчи моддаларни олиб киришга қўйилган тақиқни бекор қилишни маъқуллаган эди. Ўзгаришлар мудофаа масалалари ва НАТО доирасидаги ҳамкорлик билан боғлиқ.

Ядро қуролига қўйилган тақиқ бекор қилинганидан икки ой ўтиб эса Финляндия Франциянинг Европадаги тийиб туриш бўйича ташаббусига қўшилди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends