Финляндия Президенти мамлакатга ядровий қурол олиб киришга рухсат берди
World
−
27 June 2296 1 minute
Финляндия Президенти Александр Стубб мамлакат ҳудудига ядровий қуролни импорт қилишга рухсат берди. Бу ҳақда Финляндия парламенти расмий сайтида хабар қилинди.
Маълум қилинишича, Александр Стубб мамлакат ҳудуди орқали ядровий қуролни олиб кириш ва транзит қилишга қўйилган тақиқни бекор қилишни назарда тутувчи “Ядро энергетикаси тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишларни маъқуллаган. Янги қабул қилинган қонун 1 июлдан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ташаббус Финляндия парламентига апрель ойида киритилган эди. Мамлакат Мудофаа вазири Антти Хякканен ядро қонунчилигига киритилаётган ўзгартишлар НАТО стандартларига мувофиқлашиш учун зарурлигини айтганди.
Шунингдек, у қонун қабул қилинганидан кейин ҳам Финляндия Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома ва бошқа халқаро мажбуриятларга риоя қилишда давом этишини таъкидлаган.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса бундай қуролларнинг Финляндияда жойлаштирилиши Россия учун таҳдид эканини ва Москва бунга жавоб чоралари кўришини огоҳлантирганди.
Маълумот учун, 1987 йилда Финляндияда қабул қилинган “Ядро энергетикаси тўғрисида”ги қонун мамлакат ҳудудида ядровий портловчи моддаларни импорт қилиш, ишлаб чиқариш, сақлаш ва портлатишни тақиқлаган эди.
Live
All