Байден Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслигига ваъда берди
Олам
−
17 Июль 2022
8710АҚШ Эрон ядро қуролига эга бўлишига ҳеч қачон йўл қўймайди. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден Жидда шаҳрида 9 араб давлати раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашининг саммитида айтиб ўтди.
“АҚШ Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслигини таъминлашга қатъий қарор қилди”, деган Президент Байден.
У АҚШ минтақадан кетмаслигини ва ўзидан Хитой, Россия ёки Эрон томонидан тўлдириладиган бўшлиқ қолдирмаслигинитаъкидлаган. Саммитда сўзга чиққан Оқ уй раҳбари шунингдек, иштирокчилар эътиборини Москва, Пекин ва Теҳроннинг жаҳон саҳнасидаги ҳаракатларига қаратган.
“Биз дунё ва Яқин Шарқдаги тартибни бузишга уринишларни кўряпмиз. Хитой дунёда, асосан, Ҳинд-Тинч океани минтақасида босимини оширди, Россия қўшни Украинага қарши шафқатсиз ва адолатсиз урушини давом эттирмоқда, Эрон эса Яқин Шарқда беқарорлаштирувчи фаолиятини давом эттирмоқда”, дея тушунтирган Америка Президенти.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ минтақадаги фаол ҳамкор бўлиб қолади ва терроризмга қарши курашда иттифоқчиларини қўллаб-қувватлайди. Оқ уй раҳбари Вашингтон қоидаларга асосланган дунё тартибига ҳисса қўшаётган давлатлар билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлашга ҳаракат қилишига ваъда берди.
“АҚШ бу давлатлар ҳам ўзларини ташқи таҳдидлардан ҳимоя қила олишларига ишонч ҳосил қилади”, дея қўшимча қилган Байден.
Эслатиб ўтамиз, Байден Саудиядан олдин Исроилга ташриф буюриб, у ерда ҳам Эроннинг ядро қуролига эга бўлиши масаласида фикр билдирганди. Исроил телеканалларидан бирига берган интервьюсида Вашингтон Теҳрон бундай оммавий қирғин қуролини қўлга киритмаслиги учун куч ишлатишга ҳам тайёрлигини айтганди. Кейинроқ Исроил Бош вазири Яир Лапид билан қўшма матбуот анжуманида Эрон АҚШнинг шартларини қабул қилмаса, Теҳроннинг ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаслигини таъкидлаган.
LiveБарчаси