Барча метан “заправка”ларнинг фаолиятига чекловлар киритилмоқда
Жамият
−
18 Февраль
12155Ўзбекистон ҳудудларида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолиятига қисқа муддатли чекловлар киритилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Билдирилишича, ҳаво ҳароратининг пасайиши оқибатида магистрал газ қувурларида босимнинг камайиши ҳолатлари кузатиляпти.
“Шуни инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида республикадаги барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига қисқа муддатли чекловлар киритилмоқда”, дейилади хабарда.
Энергетика вазирлиги АГТКШлар фаолиятига киритилган чекловларни ҳисобга олган ҳолда республикадаги барча бензин “заправка”ларга автобензин маҳсулотларини қўшимча миқдорларда етказиб берилиши таъминланишини қўшимча қилган.
“Истеъмолчилардан етказилган ноқулайликлар учун узр сўраган ҳолда, вазият барқарорлашгунга қадар имкон қадар тежамкорликка риоя қилишларини сўраймиз. АГТКШлар фаолиятида ўзгаришлар кузатилса, қўшимча маълумотлар берилади”, дейилади вазирлик баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 18 февраль соат 06:00 дан Бухоро вилоятидаги АГТКШлар фаолияти вақтинча тўхтатилганди.
LiveБарчаси