Балида ичида 65 киши бўлган паром чўкиб кетди

Олам

image

Кеча, 2 июль куни Индонезиянинг Бали ороллари яқинида ичида 60 дан ортиқ одами бўлган KMP Tunu Pratama Jaya пароми чўкиб кетди. Бу ҳақда CNN Indonesia хабар берди.

Нашрга кўра, паром Кетапанг – Банюванги – Гилиманук йўналишида ҳаракатланган. У дастлабки манзилдан жўнаб кетганидан тахминан 25 дақиқа ўтиб, сув остига ғарқ бўлган.

Индонезия ОАВларининг маълумотига кўра, ҳодиса вақтида паромда 53 нафар йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзоси бўлган. Шунингдек, у 22 та автомобиль, 14 та юк машинасини ташиётган эди. 

BBC нашрининг ёзишича, ҳозирга қадар 29 нафар инсон тирик ҳолда қутқарилган, шунингдек, тўрт киши ҳалок бўлгани тасдиқланган. Қолганлар бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда. 

Индонезия расмийлари ҳалокат сабабини текширмоқда. Паром операторининг маҳаллий ОАВларга маълум қилишича, паром чўкишидан олдин двигателда носозлик кузатилган.

Бу йўналиш Индонезияда энг банд йўллардан бири ҳисобланади, у орқали кўп ҳолларда Ява ва Бали ороллари ўртасида ҳаракатланувчи аҳоли сафар қилади.

“Al Jazeera”нинг ёзишича, Индонезия ҳукумати матбуот котиби Президент номидан чиқиш қилиб, ҳалокатга ёмон об-ҳаво сабаб бўлганини айтган.

Нашрнинг қайд этишича, денгиздаги фалокатлар Индонезияда тез-тез учрайди, чунки мамлакат 17 мингдан ортиқ оролдан иборат ва хавфсизлик стандартлари етарли эмас. Кўпинча кемаларга ортиқча юк юкланади ва етарлича қутқарув жиҳозлари билан таъминланмаган бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Кореянинг Чонгжин портида бўлиб ўтган сувга тушириш маросими чоғида янги қурилган 5 минг тонналик эсминец мувозанатини йўқотганди ва кема пастки қисмидан шикастланганди. Ушбу ҳодисалар Шимолий Корея раҳбарининг кўз ўнгида содир бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Индонезия паром Бали

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг