“Бахти Ташкентский” устидан суд бошланяпти. У 10 та модда бўйича айбланмоқда
3-саҳифа
−
28 Май
10310Жиноят оламида “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевга оид жиноят ишини кўриб чиқиш эртага, 29 май куни Шайхонтоҳур туман судида бошланади. Иш судья Толибжон Обидов томонидан кўрилади.
Аввалига Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Бахтиёр Қудратуллаев бошчилигида жами 30 дан ортиқ киши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 242-моддаси (Жиноий уюшма ташкил этиш) ва 165-моддаси (товламачилик), шунингдек, бошқа моддалар билан айбланаётганини маълум қилган эди. Бироқ, судга юборилган материалларда Қудратуллаевга қўйилаётган айбловлар анчайин кўп.
Булар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг:
•104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “г” банди;
•109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми;
•138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) 1-қисми;
•165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” ва “в” бандлари;
•168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми “а” ва “в” бандлари;
•228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “а” ва “б” бандлари, 3-қисми;
•242-моддаси (Жиноий уюшма ташкил этиш) 1-қисми;
•243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш);
•276-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми “а” ва “б” бандлари;
•277-модда (Безорилик) 2-қисми “б” ва “в” бандлари.
Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Қудратуллаев 2023 йилнинг 28 ноябрь куни соат 21:45 ларда Тошкент шаҳар, Яккасарой туманидаги уйидан ички ишлар ходимлари томонидан олиб кетилганди. У жамоат жойида ИИО ходимларига нисбатан бақир-чақир қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузган. Шунингдек, у ИИО ходимларининг ИИБ биносига бориб шахсига аниқлик киритиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаган.
Суд ҳукмига кўра, Бахтиёр Қудратуллаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.
Шундан сўнг унинг адвокати судга қарор бўйича апелляция шикояти берган. Аммо 9 декабрь куни суд томонидан апелляция шикояти кўриб чиқилиб, рад этилган.
15 суткага қамалган “Бахти Ташкентский” жазони ўтаб бўлганидан сўнг, у тергов ҳаракатлари давомида қамоқда сақланиши учун прокурор томонидан санкция қўлланилган.