“Бахти Ташкентский” 15 суткага қамалди
3-саҳифа
−
06 Декабрь 2023
19925Бахтиёр Зафарович Қудратуллаев (“Бахти Ташкентский”) суд ҳукми билан 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Бахтиёр Қудратуллаев жорий йилнинг 28 ноябрь куни соат 21:45 ларда Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Кўхинур кўчаси, 37-уйнинг йўлагида ва ҳовлисида бўла туриб, жамоат жойида ИИО ходимларига нисбатан бақир-чақир қилиб, фуқароларнинг тинчлигини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузган. Шунингдек, у ИИО ходимларининг ИИБ биносига бориб шахсига аниқлик киритиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаган.
Ҳуқуқбузар Қудратуллаев суд мажлисида, ҳуқуқбузарлигини тан олмай, уйида бўлганида уни хонадонидан олиб кетишганини билдириб, суддан ишни одилона кўриб чиқишни сўраган.
Суд ҳукмига кўра, Бахтиёр Қудратуллаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилди ва унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 декабрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Тошкент шаҳрида криминоген вазиятни яхшилаш бўйича кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилаётганини маълум қилган эди. Шундан сўнг, “Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиев, “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев, Дилшод Тулкинович Шарипов, Анвар Бабаражабович Мирзаханов қўлга олингани ҳақида расмий хабар берди.
“Бахти Ташкентский” Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” банди – жуда кўп миқдорда товламачилик ва 276-модда (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми “а” банди – кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш билан гумонланганди.
LiveБарчаси