“Бахти Ташкентский” қайси моддалар билан айбланаётгани маълум бўлди
3-саҳифа
−
04 Декабрь 2023
30830“Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш билан айбланмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълумки, бир неча кундан буён Тошкент шаҳрида криминоген вазиятни яхшилаш бўйича кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Ушбу тадбирлар доирасида “Бахти Ташкентский” номи билан танилган 1971 йилда туғилган Бахтиёр Қудратуллаев ҳам қўлга олинган.
У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” банди – жуда кўп миқдорда товламачилик ва 276-модда (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми “а” банди – кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш билан гумонланмоқда.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” банди санкцияси бўйича айбдор ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 276-модда (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми “а” бандига кўра, айбланувчи уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 декабрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Тошкент шаҳрида криминоген вазиятни яхшилаш бўйича кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилаётганини маълум қилган эди. Шундан сўнг, “Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиев, “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев, Дилшод Тулкинович Шарипов, Анвар Бабаражабович Мирзаханов қўлга олингани ҳақида расмий хабар берди.
Шунингдек, Фарғонада MMA жангчиси Ҳумоюн Тўхтамуродов қўлга олинган.