Баку Ереванни навбатдаги провокацияда айблаб, ҳужумдан огоҳлантирди

Олам

image

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григоряннинг Ханкенди шаҳрига ноқонуний ташрифи навбатдаги провокация ва икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш жараёнига путур етказишга уриниш бўлганига эътибор қаратди. 

Вазирликнинг таъкидлашича, Брюсселда бўлиб ўтган Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг навбатдаги учрашувидан сўнг Арманистон расмийси томонидан дарҳол ташланган бу мақсадли қадам, нафақат учрашув чоғида эришилган келишувларга соя солмоқда, балки арман томонининг нормаллашув жараёнидаги носамимийлигини ҳам кўрсатмоқда.

“Буларнинг барчаси Арманистоннинг Озарбайжонга нисбатан ҳудудий даъвоси йўқлиги, суверенитет ва давлат чегаралари тамойилларини қабул қилиши ҳақидаги баёнотлари самимийликдан йироқ эканлигини яна бир бор кўрсатади”, дейилади Озарбайжон ТИВ баёнотида. 

Баку, шунингдек, арман томонининг провокацияларини халқаро воситачилар саъй-ҳаракатларига ҳурматсизлик кўриниши деб атади. 

“Биз Арманистон расмийсининг провокацион қадамини кескин қоралаймиз ва Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигига қарши ҳар қандай ҳужумга қатъий жавоб берилишини таъкидлаймиз”, дея огоҳлантирди Баку. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян 31 август куни Бельгия пойтахти Брюсселда Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель воситачилигида музокара ўтказди ва навбатдаги учрашувни ноябрь ойида ўтказишга келишиб олди.

Учрашув давомида миқ этмаган Пашинян орадан икки кун ўтиб, Тоғли Қорабоғ мақоми масаласи аниқланмагунча, Қорабоғ можаросининг ечими ҳақидаги баёнотлар ўринсиз эканини айтиб чиқди. 

Қорабоғ уруши

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Арманистон Қорабоғ

Баҳолаганлар

25

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг