БААда ўлимга ҳукм қилинган ўзбекистонликларга ёрдам берган шахс ҳам жазоланди
Олам
−
01 Апрель 19839 2 дақиқа
Абу-Даби федерал апелляция суди Давлат хавфсизлик палатаси Молдова-Исроил фуқароси Цви Коганни ўғирлаш ва ўлдиришда айбланган уч нафар Ўзбекистон фуқаросига ўлим жазоси, тўртинчи судланувчига эса умрбод қамоқ жазосини тайинлади. Бу ҳақда кеча, 31 март куни Бирлашган араб Амирликларининг WAM агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Бош прокурор доктор Ҳамад Саиф Ал Шамси Давлат хавфсизлик прокуратураси томонидан олиб борилган терговлардан сўнг, судланувчилар жабрланувчини кузатиб, ўлдирганини аниқлаган ва 2025 йил январь ойида тўрт нафар айбланувчини тезда судга олиб келишни буюрган. Билдирилишича, Давлат хавфсизлик прокуратураси томонидан судга тақдим этилган далиллар судланувчиларнинг қотиллик ва одам ўғирлаш жиноятларини батафсил тан олишлари, суд-тиббий экспертиза хулосалари, ўлимдан кейинги экспертиза хулосалари, жиноятда қўлланилган асбоблар тафсилотлари ва гувоҳларнинг кўрсатмаларидан иборат.
“Суд бир овоздан қотиллик ва одам ўғирлашни амалга оширган уч айбланувчини ўлимга ҳукм қилди, уларга ёрдам берган шериги эса умрбод қамоқ жазосини олди, у жазони ўтаб бўлгач, мамлакатдан депортация қилинади”, дейилади хабарда.
Бирлашган Араб Амирликлари қонунчилигига кўра, ўлим жазоси ҳукмлари автоматик равишда апелляция қилинади ва кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун Федерал Олий суднинг Жиноят ишлари бўлимига юборилади.
Бош прокурорнинг таъкидлашича, ҳукм Бирлашган Араб Амирликларининг терроризмга қарши курашда адолатнинг энг юқори стандартлари ва қонун устуворлиги ҳамда адолатли судлов кафолатларини таъминлаш борасидаги содиқ мажбуриятини акс эттиради. Унинг сўзларига кўра, БАА суд тизими миллий хавфсизлик ва барқарорликка путур етказишга қаратилган ҳар қандай уринишларга қатъий қарши туради.
Бундан ташқари, Бош прокурорнинг қўшимча қилишича, Бирлашган Араб Амирликлари биргаликда яшаш ва бағрикенгликнинг глобал модели бўлиб, унинг қонунлари диний ва этник мансублигидан қатъи назар, барча аҳолини ҳимоя қилади, уларнинг хавфсизлигини таъминлайди.
Маълумот учун, раввиннинг ўлимида айбланиб, қўлга олинган ўзбекистонликлар 28 ёшли Олимбой Тоҳирович ва Маҳмуджон Абдулраҳим ҳамда 33 ёшли Азизбек Комилович экани айтилган эди. Бироқ уларга ёрдам беришда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган 4-судланувчининг шахси ва фуқаролиги очиқланмаган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги QALAMPIR.UZ'га БААда ўзбекистонликлар ўлимга ҳукм қилинганини тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистоннинг Дубайдаги бош консулхонаси ҳамда Абу-Дабидаги элчихонаси Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралари билан доимий алоқада бўлиб, мазкур масала юзасидан ойдинлик киритиш мақсадида тегишли ишлар олиб бораётганини билдирган эди. Бироқ суд ҳукмидан сўнг Ўзбекистон томонидан бирор расмий муносабат бўлмади.
Live
Барчаси