БАА Ўзбекистонга 8 тонналик инсонпарварлик ёрдамини юборди
Жамият
−
28 Март 2020
17340Бирлашган Араб Амирликлари коронавирус пандемиясининг кескин тус олиши муносабати билан Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдамини юборди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви – Триатлон федерацияси раиси, Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президенти Отабек Умаров ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида хабар берди.
“Бирлашган Aраб Aмирликлари ҳукуматига пандемияга қарши курашда Ўзбекистон халқига кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик изҳор этаман! Бугун 8 тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам махсус рейс билан Тошкент аэропортига олиб келинди.
Тиббий ниқоблар, қўлқоплар, ҳимоя костюмлари ва бошқа воситалар бизга COVID-19 ҳужумига қарши туришга ёрдам беради. Биз бу оғир дамларда ёлғиз эмаслигимизни билишдан мамнунмиз ва айниқса мамлакатингиз олд қаторларда коронавирусга қарши кураш олиб бораётган бир пайтда бизни ҳам қўллаб-қувватлаётганингизни қадрлаймиз. Сизга эгилиб таъзим қиламиз, ватандошларимнинг дуолари ушбу синов пайтида сизни ва яқинларингизни ҳимоя қилсин!”, деб ёзади Отабек Умаров.
Айни вақтда Бирлашган Араб Амирликларида ҳам коронавирус билан боғлиқ вазият ҳавас қилгудек эмас. Дунёнинг туристик маркази бўлган БАА кўчалари бўшаб қолган. Мамлакатда карантин эълон қилинган. Бугунгача 333 киши коронавирусга чалинган бўлса, улардан икки нафари вафот этган, 52 киши вирусдан соғайган.
Ўзбекистонда эса коронавирусга чалинганлар 88 кишини ташкил этмоқда. Мамлакатда коронавирусга чалинган илк бемор 15 март куни қайд этилган бўлса, 27 март куни ушбу касалликдан биринчи ўлим ҳолати кузатилди. Мамлакатда 100 мингга яқин киши карантинга олинган.
Ўзбекистон коронавирус дунёга қулоч ёзишни бошлаган даврда икки марта ХХРга, бир марта Эрон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдамини юборди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor