Ҳеч ким бу касалликдан тўлиқ кафолатланган эмас – Нурмат Отабеков
Жамият
−
27 Март 2020
11102Ўзбекистонда коронавирусга чалинглар 88 нафарга етди. Мамлакатда ушбу вирус ортидан қарийб 100 мингга яқин киши карантинга олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.
У бутун дунёда коронавирус хавфи юқорида даражага кўтирилиб бораётганини қайд этиб, Ўзбекистонда ҳам бежиз карантин тадбирлари ўтказилмаётганини, вазият жиддий эканини айтди.
“Карантин тадбирлари бежизга айтилмаяпти. Бежизга ўтказилмаяпти. Ҳозир Республикада жуда катта миқдордаги аҳолимиз карантин муддатини ўтаяпти. Уларнинг сони 97 мингдан кўпроқ. Шундай экан, ҳар биримиз бундан тўғри хулоса қилишимиз керак.
Куни кеча Президентимиз селектор ўтказдилар, халққа мурожаат қилдилар. Хабарингиз бор, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Жиноят кодекси, Жиноят процессуал кодексига ўзгартиришлар киритилди. Демак, кўриладиган таъсир чоралари кучайтирилди, кескинлашди. Буни ҳам унутмаслигимиз керак.
Масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратмоқчи эдик. 15 март куни Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланди. Бу касаллик аниқлангунга қадар биз тинч, хотиржам эдик. Озгина эркин эдик. Саросимамиз йўқ эди. Лекин, бизнинг ҳудудга касалликни ким олиб кирди? Ўзимизнинг халқимиз олиб кирди. Шунча одамларимизни хавотирга қўйди. Энди қарангки, мана шу касаллик вируси атрофимизда айланиб юрибди. Демак, ҳеч ким бу касалликдан тўлиқ кафолатланган эмас. Ҳар бир шахс бу касалликка чалиниб қолиш эҳтимоли борлигини унутмаслигимиз керак”, дейди Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун аввал АҚШда истиқомат қилиб келаётган таниқли жарроҳ Меҳмет Ўз ҳам бора-бора дунё аҳолисининг ҳар бири коронавирусни юқтириб олиши хавфи мавжудлигини айтиб чиққанди.
LiveБарчаси