Азиз Воитов ва яна 49 кишига оид иш очиқ суд мажлисида кўрилади
3-саҳифа
−
16 Август 2024 9352 2 дақиқа
Аввалроқ, собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов иши судга оширилгани хабар қилинганди. Унга оид иш Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги директори лавозимида ишлаган Ҳусниддин Каримовга оид иш билан бирлаштирилди ва эндиликда жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида кўриб чиқилади. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Кеча, 15 август куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг иш юритувида бўлган Азиз Воитов ва бошқаларга ҳамда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг иш юритувида бўлган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги директори лавозимида ишлаган Ҳусниддин Каримов ва бошқаларга оид жиноят ишларини битта иш юритувга бирлаштириш юзасидан дастлабки эшитув ўтказилган.
Дастлабки эшитув Жиноят-процессуал кодексининг 405-6-моддаси талабига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида ўтказилиб, унинг натижаси бўйича иккита жиноят иши битта иш юритувга бирлаштирилган.
Билдирилишича, Азиз Воитов ва бошқаларга (жами 50 киши) оид жиноят ишини жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни 2024 йил 5 сентябрь соат 15:00 да жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносида бошланади.
Қайд этилишича, тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар Жиноят кодексининг 167, 168, 184, 185-2, 189, 205, 206, 28,209, 209, 211, 228 ва 243-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Маълум қилинишича, 29 нафар судланувчига нисбатан “қамоққа олиш”, 15 нафарига “гаров“ ва 6 нафарига “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.