Айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлиб қолди – Президент
Жамият
−
30 Сентябрь 2020
6382Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат таълим муассасалари, хусусан мактабларда ўқитувчи ва директорлар газета ва журналлар ўқимай қўйгани, мажбурий обуна ортидан ихтиёрий обуна ҳам йўқ бўлиб кетганини танқид қилди. Бунда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг қарашлари ҳозирги жамиятга мос эмаслигини ифода этди. Жумладан Президент шундай дейди:
“Ўқитувчи ўз устида ишлаши, билим ва маҳоратини ошириши учун қўшимча методик ёрдамни қаердан олади? Албатта, бу соҳага оид китоб ва қўлланмалардан, махсус педагогик нашрлардан олади. Афсуски, биз кейинги йилларда мажбурий обуна баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Албатта, бу бировларга ёқмайди. Халқ таълими вазири бизда замонавий, мен кўп эшитяпман мулоқотларда “керак эмас, ахборот технологиялари бор, журналам керак эмас, гезата ҳам керак эмас”. Бу нотўғри йўналиш. Ҳамма нарсанинг ўз ўрни бор. Компьютернинг ҳам ўз ўрни бор, журналнинг ҳам ўрни бор, газетанинг ҳам ўрни бор. Бошқача йўлни тутиш ҳозирча мумкин эмас. Биз бунга тайёр эмасмиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистонда 2018 йилга келиб ижтимоий соҳа ходимлари, шифокорлар ва ўқитувчиларнинг газета ва журналларга мажбуран обуна бўлишларига чек қўйилди. Буни, ҳатто, кўпчилик зиёлилар, ўзини зиёли санайдиганлар ҳам ёқлаб чиқди. Бироқ эртани ўйламади. Икки ўртада газетани мажбурлаб ўқитилаётганлар на телевизор кўрди, на интернетда тузукроқ мақола ўқиди. Мажбурий ўқишдан ҳам мосуво қилинди.
Бу орада ўзбек жамоатчилиги, зиёлилар орасида нафақат обуна, газета керакми деган савол кун тартибига чиқди. Баҳслар тортишувларга айланди. Президент бу масалага ўз қарашларини очиқлади.
“Шундай аянчли ҳол келдики, хатто, айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлиб қолдилар. Менинг компьютеримда ҳамма нарса бор, менинг телефонимда ҳамма бор деб. Йўқ, газета ҳам, журналлар ҳам ўқиш керак, бу замон талаби. Ўқитувчи ўзининг ижобий таълимини, билимини, методикасини ёзиши керак, муҳокама қилиши керак.
Ўзингиз биласиз, дунёда компьютер технологиялари энг ривожланган давлат бу Япония ҳисобланади. Лекин бу мамлакатда кунига уч-тўрт миллион нусха нашр этиладиган газеталар борлигини нима дейсиз? Газета ва журналлар мактабга керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.