Алламжоновнинг гаплари юрагимизга ҳанжардек санчилди – Ҳусан Эрматов (видеоинтервью)
Интервью
−
27 Апрель 2020
23512QALAMPIR.UZ’нинг Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комилжон Алламжонов билан тақдим этган интервьюсида газеталарнинг эртанги куни билан боғлиқ айтилган фикрлар жамоатчилик орасида кун тартибига чиқди. Унда Алламжонов анчадан буён газета ўқимай қўйгани, мамлакатдаги аксарият газеталар замон талабларига мос равишда ишламаётганини айтиб, газеталар раҳбарларига пандемия давридаги ўзгаришлардан хулоса қилиб, газеталарнинг интернет саҳифаларини ҳам ишга туширишни таклиф қилганди. Аммо, ушбу фикрлар матбуотда кўп йиллик тажрибага эга устоз журналистлар, отахон нашрлар раҳбарларининг эътирозига сабаб бўлди. Шундан келиб чиқиб, QALAMPIR.UZ уларга ҳам микрофон тутди. Суҳбатдошимиз “Ишонч” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Эрматов.
Аслида бу масала атрофида сиз, мен, улар деган тушунчалар йўқ. Мавзу ҳақида фикр билдирган ҳар киши унинг қайси жиҳатига эътибор қаратишидан қатъи назар унга дахлдор ва газеталар учун яхши бўлишини, улар кутилаётган инқироз даврида яшаб қолишини истайди.
“Суҳббатда Америка янгидан кашф қилинмаган. Бу муаммоларни бугун билганимиз йўқ, улар анчадан бери бор. Аввало, газеталар нима учун мана шундай аҳволга келиб қолди деган саволни қўяйлик. Бунда барибир ўтган даврга назар ташлашга мажбур бўламиз. Бизда газетачилик, матбуот совет тизимида қолиб кетган эди. Газеталардан жамият ўзини мадҳ этиш, сиёсатини юритиш учун фойдаланди. Бунинг учун газеталарга шундай шароит яратиб бердики, мана сени йўналишинг, мана шу йўналишда ижод қиласан, мана сенга обуна, мана сенга ойлик. Кўпчилик “давлатнинг пулини егандан кейин у қилиш керак, бу қилиш керак”, дейди. Ҳозир давлатнинг пулини еб ўтирган бирорта ҳам нашр йўқ. “Халқ сўзи”дан тортиб партия нашрларигача обунанинг ҳисобидан ишлаяпти. Обунага ўтган уч йил ичида биз жуда қақшатқич зарба бердик. Бу билан биз шу соҳани ўлдиришга яқин жойга олиб бордик. Бунга хизмат қилган одамларни биз жуда яхши биламиз”, дейди Ҳусан Эрматов.
Устоз журналист сўзида давом этаркан, ОАВ қаторида матбуотнинг ўрни бўлакча эканини алоҳида эътироф этиб, бугун бу йўналишда ишлаётганлар муаммоларини қайси эшикка бориб айтишни билмаётганини қайд этади.
“Биз бу муаммоларни биламиз. Уларни ҳал қилиш учун бош уриб борадиган жойларимиз қаер эди? Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди. Комилжон мана шу соҳанинг мутасаддиси сифатида бизларни чақириб, “Барака топгурлар, аҳволларинг яхшимас, нима қилсак, шу ҳолатдан чиқиш мумкин”, деб бошимизни қовуштириши керак эди. Нимагадир бизнинг босма нашрларимизда ҳамжиҳатлик йўқ. Мени қалбимни оғритадиган масала ҳам шу. Аслида бизда газеталаримизнинг яшаши учун анчагина мотивация, асос бор. Чунки, газета ўқиб, ҳаётини газетасиз тасаввур қила олмайдиган одамларимиз жуда кўп”, дейди журналист.
2017 йилгача Ўзбекистонда давлат нашрлари ёки давлат ташкилотлари муассислигидаги газеталар обуна дея аталмиш асли ихтиёрий, амалда эса мажбурий кампания ортидан кун кўрган. Секин-секин эмас, балки бирданига мажбурий обунанинг илдизига болта урилиши кўплаб газеталарни танг аҳволга тушириб қўйди. Таҳририятлар ходимларига ойлик тўлаш нари турсин, уларни ишдан бўшатишга мажбур бўлди. Айрим газеталар бир неча ойга фаолиятини тўхтатиб қўйди.
Ўзбекистонда ҳам бошқа мамлакатларда бўлгани каби охирги икки йилда онлайн-нашрлар фаолияти ривожланди. Одамлар асосий янгиликларни бир ҳафта кечикиб чиқадиган газеталардан эмас, сайтлардан олишга ўрганди. Бугун пандемия даврида газеталарнинг кўплари карантин тартибидан келиб чиқиб, фаолиятини тўхтатди. Шунда ҳам интернет-сайтлар фаолиятини давом эттирмоқда. Алламжоновга кўра, агар ўша газеталар ҳам ўз вақтида отни қамчилаб, интернет нашрларини ишга туширганда эди, эртанги кундан хавфсирамаган бўларди. Бунга муносабат билдираркан, Ҳусан Эрматов шундай дейди:
“Сайтларимиз ривожланяпти. Ривожлансин. Биз ҳам улардан фойдаланамиз. Улар бошида жуда яхши ривожланди, лекин ҳозир авжида деб айта олмаймиз. Эътирозим йўқ, сайтларнинг ривожлангани жамият учун яхши. Бизнинг нонимиз билан сайтларнинг нони бошқа-бошқа. Биз ҳеч қачон нон талашмаслигимиз керак. Уларни бир-бирига қарама қарши қўйиш нотўғри. Информация дегани фақат хабардан иборат эмас. Информация – бу маърифат. Шу маънода кўнглимиз жуда оғриди. Буни пандемияга боғлаш керакмас. Қани айтинг, пандемия даврида қайси соҳа ривожланиб кетди?”
Куни кеча Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда QALAMPIR.UZ таъсисчиси – журналист Қамариддин Шайхов ҳам иштирок этди. Йиғилишда пандемиядан кейин кутилаётган иқтисодий инқироз ва унинг ОАВга таъсири масалалари муҳокама қилинди. Ҳусан Эрматовга ушбу йиғилиш ҳақида сўз очилганда, у Жамоатчилик кенгашига бирорта газета муҳаррири аъзо эмаслигининг ўзи хато эканини таъкидлади.
“Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг йиғилишида газеталарнинг аҳволи ҳам муҳокама қилинибди. Нега бу кенгашда бирорта ҳам газетанинг бош муҳаррири йўқ? Бу ҳеч кимни ажаблантирмаяптими?
Илгари газеталар жамиятга керак эди. Мана шунча газета чиқяпти, шунча сони бор, шунча адади бор дейиларди. Мажбурий обуна деб мактабларда ота-оналардан пул йиғилди. Ваҳоланки, шунинг ортидан газеталар ўлди. Газеталарнинг савияси, унда чиқадиган материаллар ҳақида ҳеч ким жиддий шуғулланган эмас. Фақатгина маддоҳбозлик билан шуғулланган, десак ҳам бўлади. Албатта, бу айбни 100 фоиз ҳаммасига қўёлмайман.
Тўғриси, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раисининг “мен газета ўқимай қўйганимга анча бўлди” деган гапи юрагимизга ханжардек санчилди.
Биз энг керакли жойларда газета ўқиш маданиятини шакллантира олмаяпмиз, йўқотиб қўйганмиз. Бизнинг газетамизни ўқиб туриб, кейин фикр билдирсаларинг, бу ҳалол бўларди. Ҳозир газеталарга ташқаридан туриб баҳо берадиганлар кўпайиб кетди. Бу қора меҳнат қилиб, кўзининг нурини, бутун умрини шу ишга бағишлаган одамларга ҳурматсизлик”.
Гап қандай услубда етказилиши эмас, унинг ортида ётган мақсад устун. Иккисини тарозига қўйилса, мақсад оғирроқ келиши аниқ. Ҳақиқат эса аччиқ бўлади. Бугун газеталарни кўпчилик ўқимай қўйгани рост. Бунга бир киши ё бир газета айбдор эмас. Бутун бошли давр бугунги газеталарни жар ёқасига олиб келгандек.
QALAMPIR.UZ ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали “Сиз газета ўқиб турасизми” деган савол билан ўқувчиларга юзланди. Сўровномада иштирок этган 17 минг кишининг 17 фоизи ёки 2876 киши ҳа деб жавоб берди. Респондентларнинг 48 фоизи ёки 8337 киши йўқ деб жавоб қайтарди. 21 фоиз иштирокчи ёки 3652 киши баъзан деган жавобни танлаган. 2326 киши ёки респондентларнинг 14 фиоизи яқин икки йилда умуман газета ўқимаганини айтган.
Мақсад мамлакатда фаолият юритаётган газеталарга кафан тикиш эмас. Улар яшаши, авлодлардан авлодларга етиб бориши, матбуотимизнинг юзи бўлиши керак. Аммо вақт ўз айтганини қилади. Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ деганларидек, талабга яраша таклиф қонуниниятига риоя қилган ҳолда газеталар ҳам бозорга ўзини янгича кўринишда кўрсатиш вақти келди. Бўлмаса инқироз вақтида уларни сақлаб қолиш қийин бўлади.
LiveБарчаси