Австралиядаги лабораториядан хавфли вируслар йўқолди

Олам

image

Австралиядаги лабораториядан 300 дан ортиқ вирус намуналари йўқолди. Бу ҳақда “Fox News” хабар берди.

Маълум қилинишича, Австралиянинг Квинсленд штатидаги лабораториядан ўта хавфли вирусларнинг 330 дан ортиқ намунаси йўқолган.

Квинсленд соғлиқни сақлаш бошқармаси биохавфсизлик протоколларининг “жиддий бузилиши” бўйича тергов бошлаганини маълум қилган.

Расмий маълумотларга кўра, 2023 йил август ойида ҳам Квинсленд давлат соғлиқни сақлаш вирусология лабораториясида 323 шиша турли юқумли вирус — жумладан, Hendra вируси, Lyssavirus  ва Hantavirus  намуналари йўқолган.

Квинсленд Соғлиқни сақлаш вазири Тимоти Николс тергов доирасида лабораторияда юз берган ҳолатни тўлиқ ўрганиш ва бундай воқеалар такрорланмаслиги учун зарур чоралар кўришини айтган.

Шунингдек, у ходимларни қайта ўқитиш, хавфли моддаларни сақлаш бўйича текширувлар ўтказиш каби профилактик чораларнинг жорий этилганини таъкидлаган.

Маълумот учун, Hendra вируси фақат Австралияда учрайдиган зоонотик (ҳайвондан инсонга юқадиган) вирусдир. Hantavirus эса инсонда жиддий касаллик ва ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин. Lyssavirus оиласига кирувчи вируслар эса қутуришни келтириб чиқаради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша пойтахти Варшава оқова сувларида мутацияга учраган полиомиелит вируси аниқланганди. Польшада ушбу касалликнинг сўнгги ҳолати 1984 йилда қайд этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Австралия вирус лаборатория

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг