Қидирувдаги Ўзбекистон фуқароларининг сони очиқланди
Жамият
−
28 Декабрь 2019
9183Айни вақтда 1 минг 700 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси халқаро қидирувга берилган ҳамда уларнинг кўпчилик қисми терроризм, одам савдоси каби оғир жиноятларда айбланмоқда. Бу ҳақда “Ички ишлар органларида халқаро ҳамкорликни ташкил этиш фаолияти ва Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги миллий марказий Бюроси” мавзусидаги матбуот анжуманда айтиб ўтилди.
“Халқаро ҳамкорлик натижасида 2017-2019 йилларда 1 минг 402 нафар қидирувдаги шахс ушланган. Улар, асосан, фирибгарлик, ўғрилик, босқинчилик жиноятларида гумонланган. Жорий йилнинг 11 ойида турли жиноятларни содир этгани учун республика ҳуқуқни муҳофоза қилувчи органлари томонидан қидирилаётган 588 нафар шахс хорижий давлатларда қўлга олинган”, деган Интерпол Миллий марказий бюроси, ахборотларга тезкор ишлов бериш ва мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Олимхон Эргашев.
Журналистлар саволларига жавоб қайтарар экан, мутасаддилар аниқ статистик маълумотларни тақдим этди.
“Айни вақтда 1 минг 700 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси халқаро қидирувга берилган ҳамда уларнинг кўпчилик қисми терроризм, одам савдоси каби оғир жиноятларда айбланмоқда. 2 йил давомида 27 нафар хориж фуқаролари шу ерда ушланди. Улар Жанубий Корея, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Украина ва Туркия фуқаролари бўлиб, 90 фоизи фирибгарлик билан гумонланга”, деган Олимхон Эргашев.
ОАВ вакиллари билан мулоқот давомида қидирувдаги шахслар хорижий давлатлардан қандай тартибда ушлаб олиб келиниши тўғрисида савол берилди.
“Интерпол Миллий марказий бюроси томонидан халқаро қидирувга эълон қилинган шахслар хорижий давлатларда қўлган олинса, ўша давлатнинг Интерпол Миллий марказий бюроси Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюросига хабар беради ва ўзаро икки давлатнинг келишувига мувофиқ Ўзбекистонга депортация ёки экстрадиция қилинади”, дея аниқлик киритди Олимхон Эргашев.
LiveБарчаси