Бухорода қидирувга берилган қашқадарёлик ҳакер Тошкентда қўлга олинди
3-саҳифа
−
13:04 499 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда “Apple Nasiya” ва “Halol Nasiya Savdo” номлари остида фаолият юритган шахс Бухорода қидирувга берилган эди. У Тошкентда қўлга олинди. Гумонланувчи ушбу профиллар орқали 50 га яқин фуқарони алдаган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум бўлишича, Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган Р.Қ. ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик содир этганликда гумон қилинмоқда. Тезкор тадбир доирасида олиб борилган қидирув ишлари натижасида у Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани ҳудудида яшириниб юрган вақтида қўлга олинган.
Маълумотларга кўра, унинг ёнидан олинган Redmi 12 Pro русумли мобил телефон холислар иштирокида кўздан кечирилганда, қурилма ичида “Apple Nasiya” ва “Halol Nasiya Savdo” номли профиллар аниқланган ҳамда улар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Дастлабки текширувларга кўра, мазкур профиллар орқали 50 га яқин фуқаро фирибгарлик қурбони бўлган бўлиши мумкин.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “б” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи тергов органларидан яширингани сабабли Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан қидирув эълон қилинган ва унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Гумонланувчининг бошқа эҳтимолий жабрланувчилари аниқланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида қарийб 97 минг АҚШ доллари билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати аниқланган эди.
Live
Барчаси