“Астра кўприги”: энди таъмирланаётган йўллар ёпилмайди
Бу қизиқ
−
09 Май
8060Швейцарияда йўлларни автомобиллар ҳаракатини тўхтатмасдан таъмирлашнинг янги йўли ўйлаб топилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.
Гап шундаки, швейцарияликлар автомобиль йўллари таъмирланаётган вақтида машиналарнинг қатновига халақит бермаслик учун кўчма кўприкдан фойдаланиш амалиётини йўлга қўйди. Бу эса асосий магистралларда кундузи иш олиб бориш имконини беради. Аввал мамлакат қонунчилигига кўра, бундай таъмирлашни амалга ошириш фақатгина тунги вақтда рухсат этилганди.
Ушбу лойиҳа “Астра кўприги”деб аталади. Унга кўра кўчма кўприк таъмирланаётган автомобиль йўли қисмига ўрнатилади. Автомобиллар унинг устида 60 км/соат тезликда икки қатор бўлиб ҳаракатланади.
Иншоотнинг умумий узунлиги 240 метр, қурилиш ишлари учун кўприк остида 100 метрга яқин жой мавжуд. Таъмирлаш материалларини етказиб бериш ва қурилиш чиқиндиларини олиб кетиш кўприк ёнидаги ҳаракатланиш чизиғи орқали амалга оширилади.
Кўприк остидаги ишлар тугалланганидан сўнг, у кейинги босқич учун 100 метр олдинга сурилади. Ундаги бутун структурани тўлиқ йиғиш учун тахминан 14 соат вақт керак бўлади.
Яна бир ажойиб жиҳати – лойиҳани ишлаб чиқувчилар кўприкнинг марказий қисмларини 90 градусга айлана оладиган ғилдираклар билан жиҳозлаган. Шу сабабли бутун тузилмани нафақат олдинга ва орқага, балки чапга ва ўнгга ҳам силжитиш мумкин.
Astra Bridge прототипини ишлаб чиқиш тахминан 18,5 миллион еврога тушган.