Сел туфайли Сурхондарёни Тожикистон билан боғловчи кўприк ўпирилиб тушди (видео)
Crime
−
22 June 16887 2 minutes
Кеча, 21 июнь куни тоғли ҳудудлардаги кучли ёғингарчиликлар сабабли Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Обизаранг дарёсида сув оқими кескин ошди ва халқаро аҳамиятга эга бўлган кўприк қулаб тушди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, кўп сув Анорзор маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Обизаранг дарёси устидаги М-41 “Бишкек – Душанбе – Термиз” халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлининг 1449-километрида жойлашган кўприкка зарар етган.
Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, кўприк конструкцияларида шикастланишлар аниқланган бўлиб, хавфсизлик нуқтаи назаридан мазкур йўналишда транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилган.
Мазкур кўприк 1977 йилда қурилган бўлиб, узунлиги 54,7 метрни ташкил этади. У Тожикистон Республикаси билан боғловчи муҳим транспорт йўналишларидан бири ҳисобланади. Кўприк орқали соатига ўртача 600–800 та автотранспорт воситаси ҳаракатланади.
Мутахассисларнинг дастлабки баҳолашларига кўра, дарёда сув сатҳи ва оқим тезлигининг кескин ортиши кўприк таянчларига юқори босим туширган.
Ҳозирда автотранспорт ҳаракати Узун тумани ҳудудидаги Дўстлик, Янги йўл ва Қарашиқ маҳаллалари орқали ўтувчи айланма йўналиш бўйича ташкил этилган.
“Айни пайтда Сурхондарё вилояти ва туман раҳбарияти, Автомобиль йўллари қўмитаси вилоят бошқармаси масъуллари, тегишли мутасадди ташкилотлар ҳамда соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойида иш олиб бормоқда. Мутахассислар томонидан кўприкнинг техник ҳолати ўрганилмоқда, етказилган зарар кўлами баҳоланмоқда ҳамда транспорт қатновини тиклаш бўйича зарур муҳандислик чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда. Вазият назорат остида. Ҳолат бўйича қўшимча маълумотлар белгиланган тартибда тақдим этиб борилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятининг Зомин ва Бахмал туманларининг айрим тоғ ва тоғолди ҳудудларида кучли ёғингарчилик оқибатида сел оқимлари юзага келиши туфайли 3 та енгил автомобиль сел оқимига тушиб, оқиб кетган еди.
Live
All