Асқар Акаев рафиқаси билан Қирғизистонга келгани айтилмоқда
3-саҳифа
−
20 Май 2023
12563Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаев ва рафиқаси Майрам Акаева мамлакатга келгани айтилмоқда. Бу ҳақда “24.kg” нашри хабар берди.
Келтирилишича, собиқ президент рафиқаси билан кеча, 19 май куни тунда қозоқ-қирғиз чегарасини кесиб ўтган. Улар шахсий ишлари билан келган, аммо Акаевлар қаерга кетгани ҳозирча номаълум.
Мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўра, чегарани кесиб ўтаётганлар ҳақидаги маълумотлар махфий бўлиб, фақат суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ваколатли органларнинг сўровига биноан берилади.
Акаев 1990 йил октябрь ойида Қирғизистон ССР раҳбари этиб сайланган. 1991 йил август ойида у республиканинг биринчи президенти бўлди ва 2005 йилгача мамлакат бошида қолди. Акаев мамлакатда бўлиб ўтган Лола инқилоби натижасида ҳокимиятдан маҳрум бўлди. Инқилоб даврида у лавозимини тарк этди ва оиласи билан мамлакатдан чиқиб кетди. Ўшандан бери Қирғизистоннинг биринчи президенти Москвада яшаб, дарс бериб келади.
Ўтган йили ва ундан олдинги йили Акаев “Қумтор” иши бўйича гувоҳлик бериш учун ватанига келган. Бу кон Қирғизистоннинг шимолий-шарқий қисмида жойлашган бўлиб, йилига 15 тоннага яқин олтин қазиб олинади. Илгари уни ўзлаштириш билан канадалик инвесторлар шуғулланган, кейинроқ кон давлат томонидан ўзлаштирилди.
2005 йил апрель ойида Акаев ва унинг оила аъзоларига нисбатан бир неча жиноий иш қўзғатилган, шу жумладан, коррупция моддаси бўйича ҳозирда уларнинг барчаси тўхтатилган ёки тугатилган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 2 август куни 16 йил мобайнида Россияда яшаб келган Акаев ватани – Қирғизистонга қайтарилди. Дастлаб собиқ Президент “Қумтор” олтин кони бўйича Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан сўроқ қилинди. Сўнгра у давлат раҳбари Садир Жапаров билан учрашди. Учрашувдан сўнг, Асқар Акаев матбуот анжуманида Қирғизистон Президентига “ҳамма нарсани айтиб бериш” имконияти учун миннатдорлик билдирган.
LiveБарчаси