“Асалҳоней”нинг қотили уни қандай ўлдирганини айтиб берди
3-саҳифа
−
30 Июнь 2022
48220Аввалроқ, “Асалҳоней” номи билан танилган инста-блогер Асал Хўжаеванинг қотили ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида "Асалхоней"ни ўлдирган қотил хоразмлик 25 ёшли шахс экани аниқланди. Бу ҳақда “Bu kun” информацион кўрсатувида маълум қилинди.
Воқеа жойида ўтказилган тезкор суриштирув натижасида ҳамда суд тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, фуқаро Хўжаеванинг мурдаси 1 кундан кўп 3 кундан кам бўлган вақт оралиғида ўлдирилгани аниқланган.
Қайд этилишича, асли хоразмлик бўлган 25 ёшли йигит ўтган йилнинг ёз ойларида Интернет орқали Асал Хўжаева билан танишиб, у билан учрашиш учун 300 АҚШ долларига келишган. Аммо йигитда ушбу маблағ йўқлиги сабаб жорий йилнинг февраль ойи ўрталарида такроран унга қўнғироқ қилиб, ўзининг моддий шароитини тушунтирган.
Йигитнинг сўзларига кўра, дастлаб Хўжаевага қўнғироқ қилганида, у телефонини кўтармаган. Иккинчи марта телефон қилганида “ўзи сен етмай тургандинг, пулинг бўлмаса нимага телефон қиляпсан?”, дея турли уятли сўзлар билан ота-онасини қўшиб ҳақорат қилган.
Ушбу ҳақоратли сўзлардан сўнг, қотил К. исмли йигит Хўжаеванинг Instagram саҳифаси орқали яшаш манзили ва ушбу хонадонда бўлган моддий бойликларни кузатиб, Хўжаевадан қасд олиш мақсадида уни ўлдириб, бойликларини қўлга киритиш ҳақида жиноий режа тузган.
"Пичоқ ўнг қўлимда эди. Эшик очилиши билан [Асал Хўжаева] қочмоқчи бўлди пичоқни унинг қорнига тиқдим. У ерга йиқилиб бақираётган вақтда унинг бўйнидан бўғдим", дейди "Асалхоней"нинг қотили.
Қотил Асал Хўжаевани қасддан ўлдириб, 31 миллион сўмдан ортиқ моддий бойликларини қўлга киритгач, унинг хонадонини тарк этмасдан уяли алоқа воситаси орқали унинг банк пластик картасидаги 1 миллион сўм миқдордаги пулларни ўзининг ҳисоб рақамига ўтказиб, тонгга қадар ушбу пулларни онлайн қимор ўйинларига сарфлаган ва эрталаб уйни тарк этган.
Хабарга кўра, жиноят ишлари бўйича К.га нисбатан муқаддам эълон қилинган айблов ўзгартирилиб, тўлдирилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми тегишли бандлари, яъни жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш, шунингдек, 164-моддаси 3-қисми (босқинчилик) жиноятларини содир этганликда айбдор деб топилиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган.
Маълумот учун, Асал Хўжаеванинг мурдаси жорий йилнинг 18 март куни соат 10:01 да Яшнобод тумани, Махтумқули кўчаси, 99-уй, 210-хонадоннинг ётоқхонасида қотиллик аломатлари билан топилганди.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, Асал Хўжаеванинг ўлими қорин олд соҳасида бир дона санчилиб кирувчи кесилган жароҳати, бўйин чап томони санчиб кесилган жароҳати, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия юмшоқ тўқималарига қон қуйилиши оқибатида юз бергани аниқланган.
Воқеа жойи криминалистика техника воситалари ёрдамида кўздан кечирилиб, қонга ўхшаш доғлардан намуналар, мурда кийимлари, қўл бармоқ излари, 1 дона ноутбук, 1 дона флешка, 4 дона уяли алоқа телефони, 4 дона банк пластик карталари далилий ашё сифатида олинган.
Воқеа жойига Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Икром Наримов, шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Турсунов, Яшнобод тумани прокурори А.Донаев, шаҳар ИИББ ва туман ИИО ФМБ раҳбарияти ҳамда тезкор тергов гуруҳи аъзолари етиб борган.
LiveБарчаси