Асад режимини ағдарган исёнчилар етакчиси ким?
Олам
−
09 Декабрь
22872Сурияда Асад режими қулади. Исёнчи мухолифат пойтахт Дамашқни эгаллади. Шом диёрини 50 йилдан ортиқ вақт давомида идора қилиб келган Асадлар оиласи мамлакатни ташлаб кетди.
Кеча, 8 декабрь куни эрта тонгдан “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи бошчилигидаги исёнчи кучлар Сурия пойтахти Дамашққа кирди ва мамлакат раҳбари Башар Асад режими ағдарилганини эълон қилди.
Асадни ағдарган Муҳаммад ал-Жалоний ким?
Абу Муҳаммад ал-Жалоний (аслида Аҳмад Ҳусайн ал-Шара) Суриядаги жиҳодчилар ҳаракати етакчиларидан бири бўлиб, у ерда “Ал-Қоида”нинг бўлимини яратган. Унинг раҳбарлигида исёнчилар мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олди. Бугун у марказсизлаштириш, плюрализм ва очиқлик тарафдори.
Абу Муҳаммад ал-Жалоний Башар Асаднинг ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келган ҳужумга бошчилик қилган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи раҳбаридир.
У жиддий сиёсий ва ҳарбий тажрибага эга жиҳодчилик ҳаракатининг арбоби. Ал-Жалоний қўллаб-қувватлашга эришиш учун ўз сиёсий позициясини бир неча бор ўзгартирган ва баъзида ҳатто буйруқларга бўйсунмай, рақобатчиларни йўқ қилган.
“Ал-Қоида” билан алоқаларини узган. (“Ҳаят Таҳрир аш-Шом” дастлаб унинг филиали сифатида яратилган) Бугун у ўз имижи устида фаол ишламоқда, ҳокимиятни марказсизлаштириш, плюрализм ва бағрикенглик тарафдори қиёфасини яратишга ҳаракат қилмоқда.
Сўнгги пайтларда сафдошлари унга Аҳмад Ҳусайн ал-Шара деб мурожаат қилган. Бу ал-Жалонийнинг туғилганида унга берилган ҳақиқий исми. Экспертларга кўра, унинг жанговар лақабидан воз кечиши радикал мафкурадан воз кечишини англатмайди. Сурияликларнинг бўлиниб кетгани ва мамлакатда кўплаб қарама-қарши кучлар мавжудлигига ишора қилган таҳлилчилар ал-Жалонийнинг экстремистик жиҳодчидан потенциал давлатчига айланиш ғоясига шубҳа билан қарамоқда.
Сурияда Асад режими томонидан бўлинган кўплаб этник ва диний жамоалар ҳамда ўнлаб йиллар давом этган низолар мавжуд. Мамлакатда Россия, Эрон, АҚШ ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланган турли қуролли гуруҳлар фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳар бири ўз манфаатларини кўзламоқда.
Кўп йиллар давомида АҚШда террорчи сифатида таснифланган ал-Жалоний экстремистик ташкилотлар ичида манёврлар қилиб, рақиблари ва собиқ иттифоқчиларини йўқ қилган. Шу билан бирга, у Суриядаги диний ва этник озчиликни тинчлантиришга, турли куч ва гуруҳлар билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилган.
Бу йўлда “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” етакчиси кескин чоралар тарафдори бўлган радикал образидан халос бўлишга уринган. У Сурия хилма-хиллигини яхшироқ акс эттириш учун давлат институтларини яратиш ва ҳокимиятни марказсизлаштириш зарурлиги ҳақида кўп бора гапирган.
“Сурия бир ҳукмдор ўзбошимчалик билан қарорлар қабул қиладиган тизимга эмас, институционал бошқарув тизимига лойиқдир”, деган ал-Жалоний CNN телеканалига берган интервьюсида.
Унинг “Ал-Қоида” билан алоқаси қандай пайдо бўлди?
Ал-Жалонийнинг “Ал-Қоида” билан алоқаси 2003 йилда, у Ироқда АҚШ қўшинларига қарши курашаётган экстремистлар сафига қўшилган пайтдан бошланган.
У америкалик ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинган ва бир неча йил ҳарбий асирлар лагерида яшаган. Айнан шу йилларда “Ал-Қоида” Абу Бакр ал-Бағдодий бошчилигидаги экстремистик ИШИДни тузди.
2011 йилда Сурия президенти Асадга қарши намойишлар бошланди, кейин оммавий қатағонлар, кейин эса ҳарбий можаролар авж олди. Сўнгра ал-Бағдодий ал-Жалонийни Сурияга “Нусра фронти” деб номланган “Ал-Қоида” бўлимини яратиш учун юборди.
Қўшма Штатлар уни террорчи ташкилот деб белгилаган, бу мақом ҳанузгача сақланиб қолган.
Минтақада ИШИДга қарши кураш
2013 йилда Суриядаги фуқаролар уруши кучайгани сари ал-Жалонийнинг амбициялари ортди. У ал-Бағдодийнинг “Нусра фронти”ни тарқатиб юбориш ва уни “Ал-Қоида”нинг Ироқдаги бўлими билан бирлаштириб, ИШИДни яратиш ҳақидаги чақириқларини рад этди.
Бироқ ал-Жалоний кейинчалик ИШИДдан ажралиб чиққан ва “Ал-Қоида”га содиқлигини эълон қилди. “Нусра фронти” ИШИДга қарши курашган ва Суриянинг Асадга қарши қуролли мухолифати сафидаги рақибларининг кўпини йўқ қилган.
2014 йилдаги биринчи интервьюсида ал-Жалоний Сурия ислом қонунлари асосида яшаши кераклигини айтган ва мамлакатда алавийлар, шиалар, друзлар ва насроний озчиликлар учун жой йўқлигини таъкидлаган.
2016 йилда у биринчи марта жамоатчиликка юзини кўрсатиб, видеомурожаат қилиб, ўз гуруҳи номини “Жабҳат Фатҳ аш-Шом” – “Сурияни забт этиш фронти” деб ўзгартираётгани ва “Ал-Қоида” билан алоқаларини узаётганини эълон қилди.
“Ушбу янги ташкилот ҳеч қандай ташқи ташкилотларга алоқаси йўқ”, деган у.
Кейинчалик у мустақил жангарилар билан қарама-қаршиликка киришди, бу ал-Жалоний ва унинг гуруҳининг мавқеини янада мустаҳкамлади: у аслида Суриянинг шимоли-ғарбий қисмида етакчи кучга айланди.
Ал-Жалоний ёки Ал-Шара
Ўз кучини мустаҳкамлаб, ал-Жалоний кўпчилик тасаввур қила олмайдиган ўзгаришларга киришди. Ҳарбий кийимини кўйлак ва шимга алмаштириб, диний бағрикенглик ва плюрализмга чақира бошлади.
У “Нусра фронти” аввалроқ нишонга олган Идлибдаги друзлар жамоасига мурожаат қилди ва Туркия томонидан қўллаб-қувватланган жангарилар томонидан ўлдирилган курдларнинг оилаларини зиёрат қилди.
2021 йилда ал-Жалоний PBS телеканалининг америкалик журналистига биринчи интервью берди. Ўшанда пиджак кийиб, сочлари орқага таралган ал-Жалоний ўз гуруҳи Ғарбга таҳдид солмагани ва унга қарши жорий қилинган санкциялар адолатсиз эканини айтганди.
Хўш, сурияликларнинг янги раҳбари ким бўлади? Ўзининг экстремистик қарашлари ва “Ислом давлати”ни яратиш зарурлигига қатъий ишончи билан ҳаракатланаётган Абу Муҳаммад ал-Жалонийми ёки нисбатан илғор ғояларни тарғиб қилаётган, ўнлаб йиллар давомида уришаётган жамоаларни ўз атрофида бирлаштиришга интилаётган Аҳмад Ҳусайн аш-Шарами?
LiveБарчаси