Ароқчи АҚШ билан музокара ўтказиш учун Женевага жўнаб кетди
Олам
−
10:03 936 2 дақиқа
Кеча, 15 февраль куни Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ билан ядровий музокараларнинг иккинчи босқичида иштирок этиш учун Швейцариянинг Женева шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда мамлакат “Al Arabiya” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Ароқчи дипломатик делегацияга бошчилик қилмоқда. Эрон ва АҚШ ўртасидаги билвосита музокаралар 17 февраль куни Уммон воситачилигида бўлиб ўтади.
Женевага ташриф давомида Ароқчи Швейцария ва Уммон расмийлари, шунингдек, Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Рафаэль Гросси ҳамда бошқалар билан учрашиши кутилмоқда.
Теҳрон ва Вашингтон жорий йилнинг 6 февраль куни Маскат шаҳрида ядровий музокараларни қайта бошлаганди. Аввалги музокаралар ўтган йили минтақадаги кескинликлар ва ҳарбий тўқнашувлар фонида тўхтаб қолган эди. Сўнгги музокаралар АҚШнинг Эронга нисбатан ҳарбий таҳдидлари ва минтақага авиаташувчи кемалар жойлаштиргани ортидан ўтказилмоқда.
Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳамид Ғанбарий Теҳрон Вашингтон билан авиация, тоғ-кон, нефть ва газ соҳаларида иқтисодий фойда келтирадиган келишувга эришиш истагини билдирган. Унинг таъкидлашича, бундан АҚШ ҳам сезиларли иқтисодий манфаат кўриши муҳим.
Маълумот учун, Швейцария узоқ йиллардан бери Эрон ва АҚШ ўртасида воситачи ролини бажариб келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Дональд Трамп Эрон билан келишувга эришишга тайёр эканлигини билдирганди.
Live
Барчаси