Арманнинг ўрнини эгаллаган Мойкано ёхуд Махачевга нотаниш рақиб
Спорт
−
18 Январь
2647Тошкент вақти билан 19 январь тонгида АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида йилнинг илк рақамли турнири UFC 311 бўлиб ўтади. Мусобақа бошланишига 2 кун қолганида, енгил вазн тоифаси чемпионликка даъвогар Арман Царукян кутилмаганда жароҳат олганини ва турнирда иштирок этолмаслигини маълум қилди. Промоушен раҳбарлари шу заҳоти Ислом Махачевга янги рақиб излашга тушди. Бу орада, Дастин Порьега ҳам жанг қилиш таклифи берилди. Аммо Дастин тайёрмаслигини билдирди. Дана Уайт эса, турнир кардидан рақиб излади. Енгил вазндагилардан Бенеил Дариуш ва Ренато Мойкано вариантидан бразилиялик жангчи Мойкано Махачевга янги рақиб этиб танланди.
Нега айнан Мойкано?
Дана Уайт ажойиб раҳбар. У турнир марказий жангини қўлидан келганича сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Юқорида айтилганидек, дастлаб, собиқ вақтинчалик чемпион Дастин Порьега юзланди. Амма Порье жангга тайёр эмасди. Турнир кардидан енгил вазндагилардан Бенеил Дариуш ва Ренато Мойкано бор эди. Дариуш аввал Ислам билан жанг қилган ва мағлуб бўлган, шу сабаб Бенеил билан жанг орқали мухлисларни ҳайрон қолдириб бўлмасди. Шу сабаб, рейтингда 10-ўринни қайд этиб келаётган, аммо 4 та жангдан иборат ғалабали серия кўрсатиб келаётган Ренато Мойкано варианти маъқул келди. Тўғри, Мойкано ҳар қанақасига яққол даъвогар бўлмаган. Аммо промоушенга Ислом учун янги, нотаниш рақиб керак эди.
Йил апсети гувоҳи бўламизми ёхуд Мойкано Махачевга нималар таклиф эта олади?
Албатта, Ренато профессионал фаолиятида умуман чемпионлик жангига таклиф олмаган. Сабаби, унинг рейтингдаги позицияси ва қайд этиб келаётган натижалари. У ТОП рақибларга қарши ўзини у қадар кўрсата олмаган ва кўпинча нокаут эвазига мағлуб бўлган. Мисол учун етакчилар қаторига интилаётган озарбайжонлик Рафаэль Физиев ва собиқ чемпион Рафаэль Дос Аньос Мойканони қийинчиликсиз ютган. Аммо айнан Дос Аньосга учралган мағлубиятдан кейин Ренато ўзини анча тиклаб олди ва кетма-кет 4 та жангда ғалаба қозонди. Рақиблар рейтингда илдамлашга ҳаракат қилаётган, Бред Риддел, Жейлин Тёрнер, Дрю Добер ва Бенуа Сен Дени. Энди Майканонинг жанг услубига тўхталиб ўтсак, бразилиялик спортчи қолган ҳамюртлари каби жиу-житсу бўйича мукаммал тажрибага эга. Бу дегани у бемалол партерда Ислом билан баҳслашиш имконига эга деганидир. Ҳа, бу борада Махачевни ортда қолдиради демоқчи эмасмиз, аммо яхшигина қаршилик кўрсатиш хусусиятига эга. Чунки, Ренато ғалабаларининг ярмини оғритиш, бўғиш услуби орқали қўлга киритган. Шунингдек, Мойканода зарба кучи ҳам анча юқори, яъни у рақибларини кучли зарбада ушлай олади. Зеро, охирги икки жангида Тёрнер ва Сен Дени нокаутга учратилган. Мойкано оёқда ҳам яхши зарбалар йўллай олади, аммо унинг асосий кучи барибир қўлда йўлланадиган зарбалар. Исломнинг услубига келадиган бўлсак, Махачев сўнгги йилларнинг энг кучли кураш эгаси. Ҳабибдан кейин у партер борасида ҳеч кимга имкон қолдирмади. Энг зўри дейилаётган Оливейрани бўғиб қўйди. “Стойка” бўйича ҳам у охирги 4-5 йилда ўзининг нималарга қодир эканлигини кўрсатиб келмоқда. Тик турган ҳолда промоушеннинг энг зўрларидан бири деб, топилаётган Александр Волкановскини “хай-кик” билан “ухлатиб қўйди”. Асосий даъвогар Дастин Порьега эса “гильотина” бўйича мастер класс ўтаб берди. Юқорида санаб ўтилган факторларни ҳисобга олиб, Махачев – Мойкано жанги мухлисларни зериктириб қўймайди. Агар Махачев ушбу тўқнашувда ғалаба қозонадиган бўлса, унинг кейинги рақиби белидан жароҳат олиб турнирни тарк этган Арман Царукян бўлади. Мободо, Мойкано ғалаба қозонсачи, деган саволга эса, Исломга тезкор реванш жанги берилади дея жавоб берамиз. Ренато жангни ўз томонига ҳал қиладиган бўлса, сўзсиз, йилнинг энг йирик апсетига айланади. Сабаби, Махачев йўлидан чиққан ҳар бир рақибни янчиб ташлаётганди.
Асосий жангдаги ўзгаришга қарамай, UFC 311 турнирига бўлган қизиқишлар, кутилмалар ўзгаргани йўқ. Аксинча, Исломга янги, нотаниш рақиб берилгани чемпионлик жангининг жаражасини сақлаб қолди.
LiveБарчаси