Арман миллатига мансуб аёл Фаластин Ташқи ишлар вазири бўлди

Олам

image

Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос Иорданияда истиқомат қилган фаластинлик қочқинлар оиласидан бўлган этник арман миллатига мансуб технократ Варсен Агабекянни Фаластиннинг янги ҳукуматида Ташқи ишлар ва эмигрантлар ишлари бўйича давлат вазири этиб тайинлади. Бу ҳақда янги ҳукуматни шакллантириш тўғрисида Президент фармонида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Агабекян 1958 йилда туғилган. У Президентнинг Фаластиндаги черков ишларини назорат қилиш бўйича Олий қўмитаси аъзоси бўлган. 1983 йилда АҚШнинг Индиана штатидаги Пурдуэ университетида магистр, Питсбург университетида сиёсатшунослик фанлари доктори илмий даражасини олган. 1988 йилдан 2008 йилгача Қуддус университетида доцент, кейин декан лавозимларида ишлаган. 

Маълумот учун, арманлар ва фаластинликлар узоқ ва мураккаб тарихга эга бўлган икки халқ ҳисобланади. Уларнинг муносабатлари милодий IV асрда арман зиёратчиларининг Қуддусга келиши билан бошланади. Иккала халқ ҳам турли империялар ва давлатлар томонидан геноцид, кўчириш, ишғол қилиш ва камситишлардан азият чеккани айтилади.

Давлатлараро даражада Арманистон фаластинликларнинг 1967 йилги чегараларида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди. Арманистон, шунингдек, Исроилнинг кўчириш сиёсатини, Ғазо секторининг блокадасини ва фаластинликларнинг инсон ҳуқуқлари бузилишини қоралайди. Арманистон Исроил билан тўлиқ, анъанавий шаклдаги дипломатик алоқаларга эга эмас ва расмий Тель-Авивни Қорабоғ масаласида Озарбайжонни ҳарбий ва иқтисодий қўллаб-қувватлашини танқид қилади.

Арманистон Фаластин мустақиллигини қўллаб-қувватлайди ва Фаластин аъзоси бўлган Араб давлатлари Лигасининг кузатувчиси ҳисобланади. Президент Серж Саркисян Арманистон Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилашини қўллаб-қувватлашини айтган. Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос ҳам Арманистонни қўллаб-қувватлашини билдириб, мамлакатни "Фаластиннинг буюк иттифоқчиси"деб атаган.

Фаластин халқининг умуммиллий етакчиси ва миллий маъмуриятининг 1-президенти Ёсир Арофат арман ва Фаластин халқлари битта миллат эканлигини урғулаган.

"Биз ва арманлар бир халқмиз. арман халқи Қорабоғда адолатли уруш олиб бормоқда. Улар биз каби мазлум одамлар. Шунинг учун биз бу урушда арман халқи билан биргамиз", деган у.

Жорий йилнинг 5 март куни Миср Араб Республикасига давлат ташрифи билан борган Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Миср орқали Фаластин давлатига гуманитар ёрдам юборилишини маълум қилган ва кеча, 28 март куни Арманистон Республикасидан Ғазо аҳолисига 30 тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам олиб кетаётган самолёт Мисрнинг ал-Ариш шаҳри ҳарбий аэропортига қўнгани хабар берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин Варсен Агабекян Арман

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг