“Арқадағ” Афғонистондаги вазиятга қандай ёндашиш кераклигини айтди
Олам
−
22 Сентябрь 2021
8806Афғонистондаги воқеликлар ўзгарди, энди уларга мафкуравий имтиёзлар, фобиялар ва стереотипларсиз ёндашиш керак. Бу ҳақда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси йиғилишида маълум қилди.
“Афғонистондаги вазият оддий эмас, ҳокимият ва жамиятнинг янги институтлари жуда мўрт. Шунинг учун бу мамлакатдаги вазиятни талқин қилиш ва баҳолашда сўзда ҳам, амалда ҳам мувозанат, масъулият талаб қилинади. Афғон воқеликлари ўзгарди, уларга ёндашувлар шаклланар экан, мафкуравий имтиёзлар, эски гиналар, фобия ва стереотиплардан воз кечиш керак. Биринчи навбатда, урушлар ва тартибсизликлардан чарчаган, тинч ва осойишта ҳаётни орзу қилган афғон халқи ҳақида ўйлаш керак”, деган у.
Президентга кўра, Ашхобод Афғонистондаги сиёсий барқарорлик ва хавфсизлик, “қардош афғон халқининг фаровонлиги ва бирлиги” билан чуқур қизиқади.
“Биз Афғонистондаги вазиятнинг тезроқ нормаллашишини хоҳлаймиз ва пайдо бўлаётган давлат институтлари бутун афғон халқининг манфаатлари йўлида самарали ишлашига умид қиламиз. Ўз навбатида, Туркманистон, аввалгидек, Афғонистонга ҳар томонлама иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатади”, деган Бердимуҳаммедов.
LiveБарчаси