Арипов, Азизов ва Ғаниев чегарадаги можаро сабаб Қирғизистонга борди. Томонлар келишувга эришди
Жамият
−
01 Июнь 2020
17515Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов ва Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Боткен вилоятининг “Чечме-Автодорожный” назорат ўтказув пунктида учрашув ўтказди.
Учрашув давомида икки давлат чегара ҳудудидаги қишлоқлар аҳолиси ўртасида юз берган тўқнашув муҳокама қилинди. Музокаралар якунига кўра, томонлар ҳодиса бўйича биргаликда тергов ҳаракатлари олиб боришга келишиб олди.
Учрашувда томонлар чегарада юз берган кўнгилсиз воқеа учун афсусда эканини билдирган. Тўқнашувнинг кенгайиб кетмаслиги, кескинликни юмшатиш ва кейинчалик бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун биргаликда ҳаракат қилишга келишилган.
Кубатбек Боронов ва Абдулла Арипов икки томонлама ҳамкорлик ва бошқа долзарб масалаларда фикр алмашди. Учрашувда Ўзбекистон томондан Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари Абдусалом Азизов ва Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳам иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, 31 май куни Қирғизистоннинг Чечма ва Ўзбекистоннинг Чашма қишлоғи аҳоли ўртасида можаро юз берди. Томонлар бир бирларини тошбўрон қилиб, уйларга ўт қўйиб юборди. Кейинроқ можаро сувдан фойдаланиш устида келиб чиққани маълум бўлди. Икки давлат ҳуқуқ тартибот идоралари эса вазият издан чиқмаслиги учун чегара ҳудудини биргаликда патруль қилишга келишиб олди.
LiveБарчаси