Араб ва Ислом делегацияси Ғазо масаласида Хитойга борди

Олам

image

Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатларининг қўшма саммити якунлари бўйича тузилган ушбу ташкилотларга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирларидан иборат делегация бугун, 20 ноябрь куни Хитойга борди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар берди. 

Пекиндаги Дяоютай давлат қароргоҳида Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И делегация вакиллари билан учрашди. У халқаро ҳамжамиятга Фаластин-Исроил можаросини самарали ҳал этиш ва инқирознинг кучайишига йўл қўймаслик учун реал қадамлар ташлашни таклиф қилди.

"Халқаро ҳамжамият инқирозли вазиятнинг фожиали кучайишига чек қўйиш учун ҳаракат қилиши ва самарали чоралар кўриши керак", дейди Хитой ТИВ раҳбари.

Ван И Фаластин муаммоси “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал қилиниши кераклигини таъкидлаган. У Пекиннинг Яқин Шарқда тинчликни тиклаш учун араб ва ислом давлатлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигига ишора қилган.

Делегация таркибида Пекинга борган Миср Ташқи ишлар вазири Самеҳ Шукри эса Хитой каби йирик ўйинчилардан Ғазо секторидаги қуролли можарога барҳам бериш учун кўпроқ ҳаракат қилишини кутаётганини айтди. 

"Биз Хитой каби нуфузли давлатлар Ғазо секторида фаластинликларга қарши ҳужумларни тўхтатиш учун кўпроқ ҳаракат қилишини кутамиз. Афсуски, биз Исроилнинг ҳозирги ҳаракатларини яширишга тайёр қудратли давлатлар борлигини кўряпмиз", дейди Шукри. 

Шунингдек, у Исроилнинг Фаластин аҳолисини Ғазодан мажбуран чиқариб юбориш режаларини ҳам танқид қилган. 

“Фаластинликларнинг кўчирилиши қизил чизиқ бўлиб, минтақа ва бутун дунёда хавфсизлик ва барқарорликка таҳдиддир. Бу масалада халқаро ҳуқуқ тамойилларини ҳимоя қилиш масъулияти БМТ Хавфсизлик Кенгаши зиммасига юкланади. Миср Рафаҳ ўтиш жойи орқали Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини етказиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширмоқда, бироқ Исроил ёрдам етказилишига тўсқинлик қилувчи ва фаластинликларни Ғазони тарк этишга ундашга қаратилган тизимли сиёсат олиб бормоқда”, дея таъкидлаган Шукри.

Хитой ТИВ маълумотларига кўра, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб Лигаси делегацияси 20-21 ноябрь кунлари Пекинда бўлади. Томонлар яқин келажакда Фаластин муаммосини муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Маслаҳатлашувлардан мақсад Фаластин-Исроил можаросининг авж олишини камайтириш ва тинч аҳолини ҳимоя қилиш, минтақадаги инқирозли вазиятни ҳал қилишда адолатли ечим топиш учун мувофиқлаштиришни кучайтиришдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 ноябрь куни Араб Давлатлари Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатлари Ар-Риёддаги саммит якунлари бўйича Ғазо секторидаги вазиятни яқин келажакда ҳал қилиш бўйича халқаро конференция ўтказишга чақирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Араб давлатлари лигаси Хитой Ван И Ислом ҳамкорлик ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг